Қирғизистонда Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш сўралмоқда
Олам
−
30 Июнь 2023
8326Қирғизистонда мамлакатнинг Садир Жапаровдан аввалги президенти Сооронбай Жээнбековни Қирғизистоннинг собиқ президенти мақомидан маҳрум қилиш таклиф қилинмоқда. Ушбу “илтифот” билан парламент депутати Оқилбек Тумонбоев “Озодлик” радиосига берган интервьюсида сўз очган.
Ташаббускорнинг сўзларига кўра, у аллақачон Сооронбай Жээнбековнинг “Ала-Арча” давлат қароргоҳида истиқомат қилиши, унинг ҳимояси ва бошқа имтиёзларини таъминлаш учун давлат бюджетидан тушадиган харажатларни ҳисоблаб чиқиш бўйича кўрсатма берган.
Шунингдек, Оқилбек Тумонбоев нафақат Сооронбай Жээнбековнинг ўзи, балки унинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам имтиёзлардан фойдаланишини қўшимча қилди. У бу масалани Жўқорғу Кенешда кўтаришга ва тегишли қонун лойиҳасини киритишга ваъда берди. Депутат ушбу масалада амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровга ҳам мурожаат қилмоқчи.
“Мен бу одамдан собиқ президент мақомини олиб ташлашга ҳаракат қиламан, чунки у бу мақомга лойиқ эмас”, дейди у.
Қайд этиш керакки, Оқилбек Тумонбоев Садир Жапаровнинг қудаси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 2020 йилнинг 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловларидан кейин, 7 фоизлик минимум овозни тўплай олмаган партия тарафдорлари норозилик намойишларини бошлади. Бир неча кун давом этган намойиш ва тартибсизликлар ортидан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқди. Намойишчилар давлат идораларини эгаллаб олди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ўша вақтдаги Президент Сооронбай Жээнбеков Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди ва пойтахтга ҳарбийлар киритилди. Бунинг натижасида вазият бироз тинчиди. Аммо намойишчилар Президентдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Натижада 15 октябрда Жээнбеков халқига қарата ўқ узиб, қон тўкмаслик учун истеъфо берди.
Унинг вазифасини вақтинча бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бундан бош тортди. Натижада давлат раҳбари ваколати намойишлар ортидан Бош вазир бўлган Садир Жапаровга ўтди.
Садир Жапаров Қирғизистонда жорий йилнинг 10 январь куни муддатидан олдин ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонди. У 28 январь куни қасамёд келтириб, расман Президент лавозимида иш бошлади.
LiveБарчаси