Қирғизистонда яна бир ҳоким қўлга олинди
Олам
−
04 Июль 9750 2 дақиқа
Қирғизистоннинг Шопоков шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларига товар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича давлат харидларини ўтказиш тартиб-таомилларини ўтказишда коррупцияга йўл қўйганлик ҳолатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.
Унга кўра, 2023 йилдан ҳозирги кунга қадар Чуй вилоятининг Шопоков шаҳар ҳокимлиги томонидан товарлар ва материалларни харид қилиш бўйича тендерлар ўтказилиб, унда “Universal Service” ва “Матумба” МЧЖ ғолиблар деб эълон қилингани аниқланган.
Шу билан бирга, юқорида тилга олинган корхоналар ҳоким Нурадил Становнинг топшириғига асосан инвестицияларни жалб қилиш ва давлат харидлари бўйича бош мутахассиси K.A.A. томонидан ўзининг курсдошлари A.A.M ва О.С.Ў.лар номига рўйхатга олиниб, улар компания раҳбарлари сифатида расман қайд этилган.
Юқорида қайд этилган “Universal Service” ва “Матумба” масъулияти чекланган жамиятларининг фаолиятини шаҳар ҳокими ва давлат харидлари бўйича мутахассис бошқариб, сохта етказиб беришларни амалга ошириб, бу орқали шахсий бойитиш мақсадида бюджет маблағларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш билан шуғулланган. Буни харидлар бўлими ходими K.A.A.нинг кўрсатмаси ҳам тасдиқлаган. Бюджет маблағларини олиб қўйиш бўйича ушбу коррупция схемаси бевосита Шопоков шаҳри ҳокими Нурадил Становнинг кўрсатмаси билан ташкил этилган ва сохта етказиб беришдан олинган маблағлар ўзаро тақсимланган.
Шопоков шаҳар ҳокимлигининг мансабдор шахслари жиноятни яшириш мақсадида “Universal Service” МЧЖнинг сохта директори A.A.M.га ҳар бир сохта хариддан 1000 сомдан 5000 сомгача пул ўтказиб берган.
Бундан ташқари, дастлабки текшириш натижаларига кўра, республика бюджетига 9 миллион сомдан ортиқ зарар етказилган.
Аниқланишича, С.Н.С. ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзининг яқин қариндошини ҳайдовчи этиб тайинлаган, у ҳам “Шопоков-Унаа” коммунал корхонасида ҳайдовчи бўлиб ишлаган ва Қирғизистон қонунчилигига зид равишда икки жойдан иш ҳақи олган.
Тўпланган тергов-тезкор материаллар асосида 2025 йил 3 июль куни мазкур мансабдор шахслар – С.Н.С. ва K.A.A. ушланиб, Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан давлат органлари ва бошқа алоқадор шахслар томонидан шу каби фактларни аниқлаш бўйича қўшимча тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри ҳоким ўринбосари Таалайбек Бойгазиев пора олишда гумонланиб, ҳибсга олинганди. Шунингдек, Тўқмоқ шаҳри ҳокими Мақсад Нусувалиев ҳокимлик йиғилиши пайтида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиевнинг буйруғи билан ҳибсга олинганди.