Қирғизистонда ўзбекистонликлардан 15 доллар йиғим ундириш таклиф қилинди (видео)

Олам

image

Ўзбекистон тегишли низомга мувофиқ орқа ойналари қорайтирилган Қирғизистон машиналаридан 15 доллар миқдорида йиғим ундирмоқда. Жогорку Кенеш депутати  Ўзбекистон машиналаридан ҳам худди шундай йиғим ундиришни таклиф қилди. Бу ҳақда бугун, 2 апрель куни Жогорку Кенеш йиғилишида қирғизистонлик депутат Дастан Бекешев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Ўзбекистон транспорти учун бундай талабларни жорий этмаган.

“Келинглар, жаримани бекор қиламиз ёки биз ҳам шундай норма киритамиз”, деди депутат ТИВ раҳбарига мурожаат қилиб.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев бунга жавобан, агар бу қўшни давлатнинг ички қонуни бўлса, ТИВ унга аралаша олмаслигини билдирган.

“Лекин биз бу масалани паритет асосида кўриб чиқишимиз ва уни ҳукуматлараро комиссия йиғилишида кўтаришимиз мумкин”, деган у.

Бекешевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон чегарачилари ҳатто қирғиз банкларидан бирининг тўлов тизимини ўрнатиб, жарима пулларини шу тизим орқали қабул қилмоқда.

“Консультация ўтказамиз. Ёки жаримани олиб ташлаймиз, ёки биз ҳам киритамиз”, дея фикрини такрорлаган Кулубаев.

Маълумот учун, 2018 йилда “Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги” низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Низомга мувофиқ, хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари деганда, хорижий давлатларда рўйхатда турган, йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ўриндиқлар сони саккизтадан ошмайдиган, вазни 3,5 тоннагача бўлган, олд, ён ва орқа ойналаридан бири ёки бир нечтасининг туси ўзгартирилган автотранспорт воситалари тушунилади.

Ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонга вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун 15 АҚШ доллари миқдорида чегара божхона постидаги банк кассалари орқали мажбурий йиғим ундирилади. Кассада квитанция расмийлаштирилади ҳамда унинг бир нусхаси ҳайдовчига берилади.

Йўл-патруль хизмати ҳайдовчилардан мажбурий йиғимлар ундирилганлигини текшириш учун квитанция нусхасини кўради, мажбурий йиғимлар тўланмаганлиги аниқланганда маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда орқа ойна ва орқа ён ойналарни текин қорайтириш мумкин. Олд эшик ойналарини қорайтиришга рухсат олиш эса йилига 3 миллион сўмни ташкил этади. Пуллик тонировка ҳолатида олд эшик ойналарининг умумий ёруғлик ўтказувчанлиги 30 фоиз дан 70 фоизгача бўлиши лозим. Туристларга хизмат кўрсатувчи автобус, микроавтобус ва минивенларнинг ён ойналарини 70 фоиз қорайтириш мумкин, бунинг учун тегишли рухсатнома олиш талаб этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қирғизистон тонировка йиғим

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг