Қирғизистонда президентликка номзодлар ҳам давлат тили имтиҳонидан ўта олмаяпти

Олам

−

image

Қирғизистонда президентлик сайловларига тайёргарлик жараёнида давлат тилини билиш бўйича тестга қизиқиш ортди. Имтиҳонни биринчи уринишда топширганларнинг атиги 18 фоизи етарли балл тўплади. Бу ҳақда “24.kg” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, президентликка эҳтимолий номзодлар Омурбек Суваналиев ва Сиймик Жапиқаев имтиҳондан ўтиш учун етарли балл тўплай олмаган. Жапиқаев тестни қайта топширган. Яна бир номзод Исхак Масалиев ҳам имтиҳондан ўтган. Ҳозирча унинг натижалари маълум эмас.

Нашрнинг ёзишича, қирғизистонлик жамоат арбоби Илим Қарипбеков тестнинг мураккаблигини шахсан синаб кўришга қарор қилган. Унинг фикрича, имтиҳондан ўта олмаслик учун қирғиз тилини яхши билмаслик ёки атайлаб нотўғри жавоб бериш керак.

“24.kg” нашри тестнинг мураккаблигини аниқлаш учун 2026 йил январь–октябрь ойларидаги натижаларни таҳлил қилган. Маълум қилинишича, иштирокчиларнинг атиги 18 фоизи имтиҳондан биринчи уринишда ўтган. Давлат тилини билиш бўйича тестни биринчи марта ва такроран топширганларнинг натижалари “Қирғизтест” сайтида эълон қилинади. Нашр натижалар акс этган 200 та файлни юклаб олиб, ўрганиб чиққан.

Йил бошидан буён 30 мингдан ортиқ киши қирғиз тилини билиш даражасини синовдан ўтказган. Уларнинг 21 минг 552 нафари тестни биринчи марта топширган. Шундан фақат 3 минг 859 киши биринчи уринишдаёқ имтиҳондан муваффақиятли ўтган. Бу 17,9 фоизни ташкил этади.

Тестни биринчи уринишда топширганлар билан бирга, қайта имтиҳондан ўтиб, керакли баллни тўплаганлар ҳам ҳисобга олинса, муваффақиятли натижа кўрсатганлар улуши жами иштирокчиларнинг қарийб 41 фоизига етади.

Нашр “Қирғизтест” давлат муассасасидан ҳам маълумот сўраган. Муассаса маълумотларига кўра, йил бошидан 1 октябргача тест топшириш бўйича 30 минг 525 та ҳолат қайд этилган. Бироқ тақдим этилган маълумотларда иштирокчиларнинг имтиҳонни нечанчи уринишда топширгани алоҳида кўрсатилмаган.

“Қирғизтест” маълумотларига кўра, 13 минг 278 киши давлат тилини талаб этилган даражада билишини тасдиқлаган. Бу жами тест топшириш ҳолатларининг 43,5 фоизига тенг. Мазкур кўрсаткичлар “24.kg” таҳлили натижаларига яқин.

Сентябргача қирғиз тилини билиш бўйича тест бешта бўлимдан иборат бўлган. 2 сентябрдан бошлаб “Лексика ва грамматика” бўлими вақтинча алоҳида баҳоланмайдиган бўлган. Унинг мазмуни бошқа бўлимларга киритилган.

Таҳлил натижаларига кўра, иштирокчилар учун энг қийин бўлимлар ёзиш ва оғзаки нутқ бўлган. Сентябргача номзодларнинг ярмидан кўпи ушбу бўлимлардан ўта олмаган. Ўқиш ва тинглаб тушуниш бўлимлари эса нисбатан осонроқ бўлган. Умуман олганда, барча бўлимлардан биринчи уринишда ўтиш кўрсаткичи пасайган. Сентябргача ҳар беш иштирокчидан тахминан бири барча бўлимлардан биринчи уринишда ўтган бўлса, сентябрдан кейин бу кўрсаткич ҳар тўққиз кишидан бирига тушган.

“Қирғизтест” — қирғиз тилини билиш даражасини баҳолаш давлат тизими. Имтиҳон беш қисмдан иборат: “Лексика ва грамматика”, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш. Тил билиш даражаси А1 (бошланғич) дан C1 (юқори) гача бўлган шкала асосида баҳоланади.

Топшириқларни бажариш учун 2 соат 50 дақиқа вақт ажратилади. Энг катта бўлим — лексика ва грамматика бўлиб, унда 70 дақиқа ичида 90 та топшириқни бажариш керак. Тинглаб тушуниш ва ўқиш бўлимларининг ҳар бирида 30 тадан, ёзиш ва гапириш бўлимларида эса учтадан топшириқ берилади.

Талаб этиладиган тил даражаси ходимлар тоифасига қараб фарқланади. Давлат ва муниципал хизматчилар 2025 йилдан бошлаб қирғиз тилини камида B1, 2027 йилдан эса B2 даражасида билиши шарт. Давлат ва муниципал корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар ходимлари, жумладан, ўқитувчилар, илмий ва тиббиёт ходимлари учун 2026 йилдан B1, 2028 йилдан эса B2 даражаси талаб этилади.

Қирғизистонда доимий яшовчи ва мамлакат фуқароси бўлган этник озчилик вакиллари учун алоҳида талаблар белгиланган. Улар 2026 йилдан бошлаб қирғиз тилини А2, 2028 йилдан эса B1 даражасида билиши керак.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг