Қирғизистонда ФВВнинг собиқ раҳбари коррупцияда гумонланиб, ҳибсга олинди
Олам
−
14:16
1764Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари республика Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг собиқ раҳбари ва Жалолобод вилоятининг собиқ ҳокими Султон Урманаевни коррупцияга алоқадорликда гумон қилиб қўлга олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, “Kaktus media” хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Урманаев 1995 йил декабридан 1996 йил апрелигача “Қирғизтрансавто” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси бўлиб, айрим мансабдор шахслар кўмагида давлат маблағлари ҳисобидан “Токчулук” давлат акциядорлик жамияти акцияларини сотиб олган ва кейинчалик собиқ “Балиқчи” гўшт комбинатининг кўчмас мулк объектларини ноқонуний равишда хусусий мулкка чиқарган.
“Бугунги кунда юқоридаги кўчмас мулкнинг қиймати 626 миллион сомни (қарийб 93 млрд сўм) ташкил этади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур коррупцион схемага бошқа шахсларнинг алоқадорлигини аниқлаш ва ноқонуний равишда хусусийлаштирилган мулкни давлатга қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенешига коррупция жинояти учун судланган шахсларнинг давлат раҳбарлик лавозимларини эгаллашини умрбод тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси