Қирғизистонда давлат тўнтаришига тайёрланган қуролли гуруҳ қўлга олинди
Олам
−
26 Ноябрь 2021
13984Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш бостирилди. Бу ҳақда Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази маълум қилди.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишни режалаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди”, дейилади хабарда.
Матбуот маркази хабарига кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан “бўлажак парламент сайловлари хавфсизлигини таъминлаш” бўйича олиб борилган ишлар давомида бир гуруҳ шахслар “барқарорликни бузиш мақсадида провокациялар уюштиришни режалаштирганлиги” ҳақида маълумот олинган. Улар сайловдан кейин мамлакатда тартибсизлик қўзғатувчи намойишлар қилишга уринган ва шундан сўнг ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишни режалаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Республика Жиноят кодексининг “Ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш” моддаси бўйича судга қадар тергов ҳаракатлари бошланган.
“Тергов судьяси томонидан рухсат этилган махсус тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида маълум бузғунчи сиёсий кучлар, шу жумладан, Жўқорғи Кенгеш депутатлари ва собиқ юқори мансабдор шахслар бошчилигидаги бир гуруҳ шахсларнинг жиноий фаолиятига оид рад этиб бўлмайдиган далиллар аниқланди”, дейилади хабарда.
Исми ва фамилияси ҳозирча эълон қилинмаган гумонланувчилар парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан сўнг “айрим сиёсий кучлар, жумладан, сайловда мағлуб бўлганлар кўмагига таяниб” Бишкек ҳудудида оммавий норозилик намойишлари уюштиришни режалаштирган. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувлар келтириб чиқаришни ҳам мақсад қилган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида қайд этилишича, ушбу режаларни амалга ошириш учун гумонланувчилар 1000 га яқин “тажовузкор ёшлар”ни жалб қилмоқчи бўлган.
“Мазкур гуруҳнинг жиноий фаолиятига барҳам бериш мақсадида бугун, 26 ноябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги терговчилари томонидан фаол иштирокчиларнинг яшаш жойлари ва ижарага олган идораларида тинтувлар ўтказилди. Натижада жиноятга тайёргарлик кўрилганлигини тасдиқловчи ҳужжатли материаллардан ташқари ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва гиёҳвандлик воситалари ҳам топилган”, дейилади хабарда.
Ушбу иш доирасида 15 нафар шахс қўлга олинган.
“Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, юқорида қайд этилган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари аниқланиб, уларнинг қилмишларига ҳам тегишли ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади матбуот маркази хабарида.
Аввалроқ, Президент Садир Жапаров Қирғизистонда бўлажак парламент сайловлари адолатли ва демократик нормалар асосида ўтишини айтган эди.
Маълумот ўрнида, Қирғизистон парламентига сайловлар жорий йилнинг 28 ноябрига белгиланган. Улар аралаш тизим бўйича ўтказилади: 54 депутат партия рўйхати бўйича, 36 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланади.
Олий қонун чиқарувчи органдаги депутатлик ўринлари учун 21 та сиёсий партия ва 300 га яқин номзодлар бир мандатли сайлов округлари бўйича кураш олиб бормоқда. Сайловда иштирок этаётган партияларнинг аксарияти илк бор қатнашмоқда.
Республикада сайловчилар рўйхатига 3,7 миллиондан кўпроқ киши киритилган. Қирғизистон ва ундан ташқарида сайлов куни 2500 га яқин сайлов участкаси очилади. Сайловларни 730 га яқин халқаро кузатувчилар, жумладан МДҲ ва ЕХҲТ тузилмаларидан вакиллар ҳам кузатади.