Словакияда янги Президент сайланди
Олам
−
07 Апрель
4914Жорий йилнинг март ва апрель ойларида Словакияда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида мамлакат парламенти раиси, “Hlas” партиясидан номзод Петер Пеллегрини ғалаба қозонди. Бу ҳақда кеча, 6 апрель куни барча овозлар санаб чиқилганидан сўнг маълум қилинди.
Словакияда сайлов участкалари шанба куни маҳаллий вақт билан соат 22:00 да ёпилган. Овоз бериш иккинчи турга қадар давом этган, чунки икки ҳафта олдин бўлиб ўтган биринчи турда тўққиз нафар номзоднинг ҳеч бири 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаган эди.
Кузатувчилар Пеллегрини ғалабасини башорат қилишган бўлса-да, биринчи турда Словакия Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари, Либерал мухолифат вакили Иван Корчок – 42,5 фоиз билан пешқадам бўлган, Пеллегрини биринчи турда 37 фоиз овоз олган эди.
Иккинчи турда Пеллегрини 53,12 фоиз (1 409 255 овоз) олган бўлса, Корчок 46,87 фоиз (1 243 709 овоз) билан иккинчи ўринни эгаллаган.
"Мен Словакия ҳар доим уруш эмас, тинчлик тарафида бўлиши учун қўлимдан келган барча ишни бажараман ва кимдир бу учун мени ҳар қандай тарзда танқид қилишидан қўрқмайман", деган Пеллегрини.
Пеллегринининг таъкидлашича, у рақиби, Словакия Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари, либерал Иван Корчок устидан берилган овозлар сони бўйича сезиларли фарқ билан ғалаба қозонган. Сиёсатчи 5,5 миллионга яқин аҳолиси ва 4,3 миллиондан ортиқ сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролари бўлган республикада деярли 1,4 миллион овоз олган.
Маълумот учун, 2019 йилдан 2024 йилгача Словакияни бошқариб келган Зузана Чапутова 2023 йил июнь ойида иккинчи муддатга номзодини қўймаслигини эълон қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезияда собиқ мудофаа вазири Прабово Субианто мамлакатнинг янги раҳбари этиб сайланган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь