Қирғизистон Ўзбекистон билан темир йўл учун Хитойдан қарз оляпти
Олам
−
23 июн 1450 2 дақиқа
Бишкек “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасида Қирғизистоннинг улушини молиялаштириш учун Хитойдан 304,5 миллион доллар имтиёзли кредит олади. Бу ҳақдаги ҳужжат бугун, 23 июнь куни Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенешининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси йиғилишида муҳокама қилинди.
Транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Алмаз Турғунбоевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон янги темир йўл қурилиши бўйича қўшма лойиҳада Қирғизистон томонининг 50 фоиз улушини молиялаштириш учун 2,074 миллиард юань (тахминан 304,5 миллион доллар) миқдорида имтиёзли кредит жалб қилишни режалаштирмоқда.
Қирғизистоннинг улуши 24,5 фоизни ёки қарийб 609 миллион долларни ташкил этади. Ушбу маблағнинг ярми давлат маблағлари ҳисобидан, қолган ярми эса қарз маблағлари ҳисобидан таъминланиши режалаштирилган.
Кредит 25 йил муддатга, шу жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан берилади. Фоиз ставкаси йиллик 1,5 фоизни ташкил этади, кредитнинг грант элементи эса, Молия вазирлигининг баҳолашича, 35,46 фоизга етади.
Маблағлар фақат қирғизистонлик акциядорнинг қўшма темир йўл компаниясига капитал қўйилмаларини молиялаштириш ва магистраль қурилиш ишларини тўлашга йўналтирилади.
Битим ташаббускорлари қўмитани битимни бир вақтнинг ўзида учинчи ўқишда маъқуллашга чақирди, бироқ қўмита раҳбари Эльвира Сурабалдиеванинг таъкидлашича, бугун қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш режимида кўриб чиқмоқда.
“25 июнь куни биз қўмитанинг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказамиз ва у ерда ушбу битимни учинчи ўқиш режимида кўриб чиқишга тайёрмиз, шундан сўнг уни ялпи мажлисга киритиш мумкин бўлади. Биз унинг аҳамиятини тушунамиз, лекин биз ЖК қоидаларини буза олмаймиз”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли Марказий Осиёдаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда, шундан қарийб 2,3 миллиард доллари Хитой томонидан қўшма лойиҳа компаниясига 35 йил муддатга кредит шаклида тақдим этилади. Қолган маблағлар компания таъсисчилари томонидан устав капиталига киритилиши керак: Хитой – 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон – 24,5 фоиздан.
Қирғизистон Республикаси Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йил 31 январь ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг Хитой Экспорт-импорт банки олдидаги қарзи қарийб 1,5 миллиард долларни ташкил этади, бу эса уни республиканинг энг йирик ташқи кредиторига айлантиради.
Live
Барчаси