Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида 27 нафар чегара ходими ушланди

Олам

image
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакатнинг Боткен вилоятидаги “Қадамжой – автойўл” ва “Чашма-автойўл” назорат-ўтказиш пунктларида кеча, 5 июль куни кечқурун махсус операция ўтказиб, жами 27 нафар чегара пунктлари мансабдорини қўлга олди. Бу ҳақда “24.kg” нашри хабар қилди.

Маълумотларга кўра, соат 19:00 атрофида Боткен вилояти Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошқармаси ходимлари “Альфа” махсус бўлинмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон билан чегарадаги 2 та назорат ўтказиш пунктида чегара хизмати, божхона хизмати ва ветеринария хизмати ходимларини коррупцияга алоқадорлик гумони билан қўлга олган.

Манбанинг маълумотига кўра, тинтувлар чоғида чегара хизмати ходимларидан 38,5 минг сом, 5 миллион 484 минг ўзбек сўми, шунингдек JAC-3202 русумли хизмат автомобилининг қутисидан яна 200 минг ўзбек сўми топилган. Ҳайдовчининг айтишича, ушбу маблағ автомобил учун ғилоф сотиб олиш мақсадида олдиндан алмаштирилган.

Шунингдек, Божхона хизмати ходимларидан 100 минг сом ҳамда АҚШ долларидаги пул маблағлари мусодара қилинган. Уларнинг миқдорига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Манбага кўра, “Чашма – автойўл” назорат-ўтказиш пунктининг яна икки ходимлари видеокузатув камераларида ноқонуний равишда пул олган ҳолда қайд этилган.

Боткен вилояти Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошқармасига “Чашма – автойўл” пунктидан 11 нафар, “Қадамжой – автойўл” пунктидан эса 16 нафар ҳарбий хизматчи, жами 27 киши ушланган. Шунингдек, икки дона АК-74 автомати, икки дона ўқдон ва 60 дона ўқ ҳам мусодара қилинган.

Тергов ҳаракатлари давомида ҳар икки назорат-ўтказиш пункти фаолияти вақтинча тўхтатилган. Манбаларнинг айтишича, шу вақтда навбатда тахминан 3 минг нафар фуқаро ва 400 та автомобиль туриб қолган. Кейинроқ “Қадамжой – автойўл” пункти орқали ҳаракат қайта тикланган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус операция юзасидан ҳали расмий изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалрпоқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиев иштирокидаги йиғилишда вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда вакилларидан иборат 24 киши қўлга олинганди.

Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг