Қирғизистон ўқитувчиларнинг маошини оширмоқчи

Олам

image

2026 йилнинг апрелидан эътиборан Қирғизистонда ўқитувчиларнинг маоши оширилади. Бу ҳақда Бош вазир Одилбек Қосималиев бугун, 4 октябрь куни таълим ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбирда маълум қилди.

Қосималиев тадбирда Президент Садир Жапаров ва Вазирлар Маҳкамаси номидан ўқитувчиларни табриклаб, таълим – мамлакат келажагининг стратегик пойдевори эканини алоҳида таъкидлади.

Бош вазир сўнгги йилларда таълим соҳасида ижобий натижаларга эришилгани ҳақида сўз очди. Болалар боғчалари билан қамраб олиш 2020 йилдаги 22 фоиздан 2025 йилда 44,3 фоизга ошди, уч йил ичида 400 та янги мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 80 фоизга етказиш режалаштирилган.

Қосималиевнинг маълум қилишича, Президент топшириғига кўра, 2026 йил сентябргача Бишкекда 20 та, 2026–2027 йилларда яна 12 та янги мактаб қурилиши режалаштирилган. Ўшда ўнта, Манасда олтита мактаб қурилади. Шунингдек, у 12 йиллик ўқув дастурига ўтиш, STEM фанларини ривожлантириш ва таълимни рақамлаштириш муҳимлигини урғулади.

“Мамлакатимизда дарсликлар чоп этиш учун биринчи марта давлат томонидан 1 миллиард сомга яқин маблағ ажратилди. Ҳозир ўзимизни тўлиқ таъминлаймиз”, деди у.

Бош вазир 2026 йилнинг апрель ойидан бошлаб ўқитувчиларнинг ойлик маошлари оширилишини қўшимча қилди. Шунингдек, олий ўқув юртлари рейтинги кўтарилиб, уларнинг моддий-техник базаси яхшиланганини таъкидлади.

Тадбир “Йил ўқитувчиси” ва “Йил тарбиячиси” республика танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими билан якунланди. Бош мукофот соҳиби Элзат Асановага Бишкек шаҳридан квартира, 14 нафар финалчига эса 500 минг сомлик пул сертификатлари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг маоши 1000 долларга етказилишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров Одилбек Қосималиев ўқитувчилар маоши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг