Қирғизистон ўғит экспортига тақиқ қўймоқчи
Олам
−
05 Декабрь 2023
4327Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги минерал ўғитларни мамлакатдан олиб чиқишни вақтинчалик тақиқлашни таклиф қилмоқда. Вазирлик томонидан тегишли қарор лойиҳаси Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг муҳокамасига киритилди. Бу ҳақда “Economist” хабар берди.
Билдирилишича, мазкур чора мамлакат фермерларини 2024 йилги баҳорги дала ишлари даврида ўғитлар билан тўлиқ таъминлаш учун зарур. Ҳужжатда келтирилган прогнозга кўра, Қирғизистонда 2024 йилда жами экин майдонлари 1232 минг гектарни, республиканинг минерал ўғитларга бўлган йиллик эҳтиёжи эса 286 минг тоннани ташкил этади.
Қирғизистон Республикасига баҳорги дала ишлари учун ҳар йили 30-40 минг тонна минерал ўғит келтирилади. Ўғитларнинг мамлакатдаги умумий стратегик захираси эса экиш бошида камида 45-50 минг тонна бўлиши керак.
Аммо, Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида дала ишлари бошланар экан, ўғитларнинг бошқа мамлакатларга реэкспорт қилиниши оқибатида ўғит етишмовчилиги юзага келади.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қирғизистон Республикаси фермерларини зарур ҳажмдаги ўғитлар билан таъминлаш мақсадида уларни мамлакатдан олти ойга олиб чиқишни тақиқлашни таклиф қилмоқда.
Қайд этиш жоизки, жорий йилда ҳам Қирғизистондан ўғит олиб чиқишга олти ойлик тақиқ жорий қилинган ва у баҳор бошидан кузгача амал қилган.
Маълумот учун, мамлакатга ўғитларнинг асосий етказиб берувчиси Ўзбекистон ҳисобланади. Ундан йилига 100 минг тоннагача ўғит импорт қилинади. Шундан 60 минг тоннаси баҳор-ёзги иш мавсумига, қолгани куз-қиш мавсумига тўғри келади. Бундан ташқари, ўғитларнинг умумий ҳажмининг 30-35 фоизи Россия ва Қозоғистондан сотиб олинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь