Қирғизистон Тожикистон билан чегарадаги отишмада қанча одам ҳалок бўлганини очиқлади
Олам
−
17 Сентябрь 2022
13072Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги можаро чоғида 24 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Акипресс” республика соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берди.
“Соат 01:30 ҳолатига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаларига ётқизилган жабрланганлар сони 87 нафарни ташкил этмоқда, шундан 5 нафар жабрланувчи амбулатор даволанишга юборилган”, дейилади вазирлик хабарида.
Яраланганлар асосан ўқ ва парчалардан жароҳатланган.
Тожикистон томони ҳозирча қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида рақамларни эълон қилмади.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ҳарбийлари Қирғизистон билан чегарадаги яна бир қанча ҳудудларни ўққа тута бошлади. Шундан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари музокаралар ўтказди ва унинг давомида чегаранинг умумий участкасида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.
Маълумот учун, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашган. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари чоршанба куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.
16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган икки давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон учрашув ўтказиб, чегара масаласида келишиб олганди.
LiveБарчаси