Қирғизистон Тожикистон билан чегарада қарийб 328 км тўсиқ ўрнатди
Олам
−
16:41 1150 2 дақиқа
Қирғизистон Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик участкасида чегара тўсиқларини ўрнатиш бўйича асосий ишларни якунлади. Бу ҳақда кеча, 16 октябрь куни Қирғизистон Давлат чегара хизматига таяниб, АКИpress агентлиги хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, 2025-2026 йилларда Боткен ва Лайлак туманларида 327,7 км чегара тўсиқлари ўрнатилган ва 338,5 км дала йўллари барпо этилган. 2025 йилда 149,6 км тўсиқ ўрнатилган бўлса, 2026 йилнинг 2 мартидан 16 сентябригача яна 178,1 км тўсиқ ўрнатилган.

Бир вақтнинг ўзида чегара ҳудудларига кириш ҳамда ҳарбий хизматчилар ва техниканинг ҳаракатланиши учун йўллар қурилган. 2025 йилда 171,2 км, 2026 йилда эса яна 167,4 км йўл барпо этилган.
Чегара хизматининг қайд этишича, қурилиш нафақат текисликларда, балки тоғли, баланд тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ҳам олиб борилган. Ишлар тик ёнбағирликлар, мураккаб рельеф ҳамда материаллар ва техникани етказиб беришдаги қийинчиликлар сабабли мураккаблашган.

Чегарачилардан ташқари, қурилишда Қирғизистон Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат божхона хизмати бўлинмалари ҳам иштирок этган.
Давлат чегара хизмати раиси Дониёр Сатимов Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегара участкасини муҳандислик жиҳатидан жиҳозлаш вазифаси тўлиқ ҳажмда бажарилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, тўсиқлар ва янги йўллар давлат чегараси қўриқланишини кучайтириш ҳамда чегарадош ҳудудлар хавфсизлигини ошириш имконини беради.

Шунингдек, Чегара хизмати томонидан иш иштирокчилари Қирғизистон Президенти Садир Жапаров номидан мукофотлангани хабар қилинган.
Идоранинг қўшимча қилишича, қирғиз-тожик чегарасини муҳандислик жиҳатидан жиҳозлаш ишлари энди фақат Ўш вилоятида якунланиши қолган.
Live
Барчаси