Қирғизистон ташқи қарзини бир кунда тўлай олади – Жапаров
Олам
−
14:09 5045 1 дақиқа
Қирғизистон зарурат туғилганда бутун ташқи қарзни бир кун ичида сўндириш имкониятига эга, бироқ буни қилиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас. Бу ҳақда бугун, 17 декабрь куни мамлакат Президенти Садир Жапаров Жогорку Кенешдаги нутқида айтиб ўтди.
Қирғизистон раҳбари мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётганини ва ташқи қарз даражаси сезиларли даражада камайганини қайд этган. Агар 2020 йилда у ялпи ички маҳсулотнинг 54 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга тенг.
“Иқтисодиёт учун ҳеч қандай хавф йўқ. Биз ташқи қарзни бир кунда тўлашимиз мумкин, аммо бу фойдали эмас – фоизлар юқорироқ бўлади, жарималар ҳам кўзда тутилган. 2035 йилга бориб аввал олинган кредитлар билан ҳеч қандай муаммосиз ҳисоб-китоб қиламиз”, дейди Садир Жапаров.
Президентнинг айтишича, Қирғизистоннинг олтин-валюта захиралари 8,5 миллиард доллардан ошган, ҳолбуки беш йил аввал улар 2 миллиард доллардан бироз кўпроқ бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг умумий давлат қарзи 8,6 миллиард долларни ташкил этади, шундан қарийб 5,2 миллиард доллари ташқи қарзга тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров Бишкекда “Алтай” шаҳарчаси қурилиши учун капсула қўйиш маросимидан кейин Биринчи май тумани аҳолиси билан учрашувда одамларни провокацияларга берилмасликка чақирганди.
Live
Барчаси