Қирғизистон “Салимбойвачча”ни қидирувга берди
3-саҳифа
−
06 Август
31752Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевни қидирувга берди. Бу ҳақда қўмита матбуот маркази хабар берди.
Билдирилишича, олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг йирик тадбиркорларидан бири Салим Қирғизбоевич Абдувалиев томонидан “Биродарлар давраси” халқаро жиноий гуруҳи таркибига кирган Қамчибек Асанбек (“Коля Қирғиз”) уюшган жиноий гуруҳи фаолиятини молиялаштириш фактлари аниқланган.
“Салимбой Абдувалиев Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноий тузилмаларга раҳбарлик қилган, шунингдек, МДҲ давлатларида бевосита таъсирга эга бўлган ҳолда, гиёҳвандлик воситаларини Европа давлатларига олиб ўтиш бўйича ноқонуний каналлар ташкил этганлиги сабабли Қамчи Кўлбоев билан ўзаро алоқа ўрнатган ва унга мунтазам равишда моддий ёрдам кўрсатиб келган, шунингдек, унинг минтақадаги нуфузли криминал авторитетлар қаторида Қирғизистон, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари жиноят оламининг етакчиси бўлишига ёрдам берган ва ҳисса қўшган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, “Коля Қирғиз” ва “Салимбойвачча” яқин муносабатларда бўлган, бунга Кўлбоевнинг Абдувалиев томонидан уюштирилган байрам ва бошқа тадбирларга бир неча бор ташриф буюриши гувоҳлик беради.
Таъкидланишича, Салимбой Абдувалиев Қирғизистон ва МДҲ давлатларида маълум даражада эриша олган таъсир доирасини кенгайтириб, Қамчибек Асанбекнинг уюшган жиноий гуруҳини молиялаштирган.
Йиғилган материаллар асосида Бишкек шаҳар Октябрь туман суди қарори билан Салимбой Абдувалиевга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ва у ҳам давлатлараро, ҳам Интерпол Миллий марказий бюроси орқали қидирувга берилган.
Маълумот учун, Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ҳукми билан Салим Абдувалиев 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев парламент йиғилишида собиқ депутат Эмил Жамғирчиев Салим Абдувалиевдан ёрдам сўрагани ва унга мактуб йўллагани ҳақида маълум қилган эди.
LiveБарчаси