Қирғизистон Россия билан ҳамкорликдан воз кеча олмайди – Садир Жапаров
Олам
−
16 Октябрь
5377Ғарб давлатларининг бу борадаги илтимосларига қарамасдан, Қирғизистон Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қилишдан воз кеча олмайди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 16 октябрь куни бўлиб ўтадиган маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови муносабати билан халққа қилган мурожаатида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги можаролар бошланганидан бери Ғарб давлатлари Москванинг ҳаракатларини қоралашда давом этмоқда. Айрим Ғарб давлатлари Қирғизистондан Россия билан ҳамкорликни тўхтатишни сўрамоқда, бироқ Бишкек ҳар доим бу илтимосни рад этиб келади.
Президентнинг таъкидлашича, Қирғизистон Россиядан нефть, газ, буғдой ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олади. Бундан ташқари, республиканинг кўплаб автомобиль ва темирйўл йўллари шу мамлакат ҳудудидан ўтади ва Россия ҳудудида тахминан 1 миллион қирғизистонлик меҳнат мигрантлари ишлайди.
Жапаров Ғарбни “адолатсиз талаб” қўйганликда танқид қилган. Унинг айтишича, айрим Европа Иттифоқи давлатлари санкцияларга қарамай, Россия билан ҳамкорлик қилишни давом эттирмоқда ва уларнинг бу давлат билан савдо айланмаси йилига 6 миллиард долларга етмоқда.
Шунингдек, Жапаров тўрт йил аввал ҳокимиятга келганидан бери Қирғизистон кўп томонлама ташқи сиёсат олиб бораётганини, дунёнинг турли мамлакатлари билан тенг ҳуқуқли асосда ўзаро манфаатлар йўлида ҳамкорлик қилаётганини қўшимча қилган.
Бундан ташқари, у яқинда Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланганини маълум қилган. Шунингдек, Қирғизистон бошқа МДҲ давлатлари билан ҳам ҳамкорликни давом эттираётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров Европа Иттифоқига аъзо давлатларни республикада амалга оширилаётган бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширишга қўшилишга чақирган эди.
LiveБарчаси