Қирғизистон Россия армиясига ёлланган фуқаросини қайтаришни талаб қилди
Олам
−
20:28 537 2 дақиқа
Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига “номаълум шахслар томонидан амалга оширилган фирибгарлик ҳаракатлари оқибатида” Украинадаги урушга Россия армияси сафидан ёлланган фуқаросини ватанига қайтариш чақириғи билан нота юборди. Бу ҳақда “The Moscow Times” хабар берди.
Қайд этилишича, нотада гап Қирғизистоннинг Талас вилоятидан бўлган 21 ёшли Элистан Токтогулов ҳақида бормоқда. Йигит 2026 йилнинг кузида ижтимоий тармоқларда гўёки Россияда яшовчи юртдошининг эълонига дуч келган. Ёлловчи Токтогуловга Қирғизистондаги ўртача даромаддан уч баравар юқори бўлган 110 минг рубль иш ҳақи эвазига Россияда соқчилик ва ҳайдовчилик каби бир нечта фуқаролик бўш иш ўринларини ваъда қилган.
Элистан ўзга юртга жўнаб кетган, у ерда уни алдов йўли билан Мудофаа вазирлиги билан контракт имзолашга мажбур қилишган ва Украинадаги жанговар ҳаракатларга тайёргарлик кўриш учун Воронеж вилоятидаги полигонга юборишган. Йигит алоқага чиқишга муваффақ бўлган Токтогуловнинг яқинлари 3 ноябрь куни Манас шаҳрида пикетга чиққан ва ҳокимиятга қариндошларини армиядан қайтаришни сўраб видеомурожаат эълон қилган. Расмий Бишкек тез орада вазиятга аралашиб, Россия томонини нафақат рекрутни қўйиб юборишга, балки “айбдор шахсларни аниқлаш ва уларни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортишни таъминлаш” учун Токтогуловнинг ёллангани ҳолатини текширишга чақирган.
Шу билан бирга, Қирғизистон расмийлари Россияда бўлиб турган ўз фуқароларига армияга ёлпаниш хавфи таҳдид солаётганидан огоҳлантирган.
“Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон фуқароларига юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида контрактлар ва бошқа шартномаларни имзолашдан олдин уларнинг мазмунини синчковлик билан ўрганиб чиқишни, ўз зиммаларига олаётган мажбуриятлари ва ҳуқуқий оқибатларига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилади”, дейилади нотада.
БМТ Бош ассамблеясининг Украинадаги уруш пайтидаги жиноятларни текшириш бўйича мустақил комиссияси октябрь ойи охиридаги махсус ҳисоботида Россия армиясига алдов ёки мажбурлаш йўли билан ёллангани ҳолатлари камида 29 та мамлакатдан келганларга нисбатан аллақачон исботланганини маълум қилган. Уларнинг орасида нафақат собиқ СССР республикалари, балки Африка, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари фуқаролари бор.
Live
Барчаси