Қирғизистон ИИВ фуқароларни митингга чиқмасликка чақирди
Олам
−
18 Май
12908Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги республика аҳолисини рухсат этилмаган ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирди ва қонунни бузганлик учун жавобгарликни эслатди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабарида айтилади.
“Пойтахтимизда содир бўлган сўнгги воқеалар муносабати билан Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фуқароларни, айниқса, ёшларни рухсат этилмаган ҳаракатларда иштирок этмасликка ва ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг оқибатларини унутмасликка чақиради”, дейилади баёнотда.
Ички ишлар вазирлиги бундай хатти-ҳаракатлар муассаса ва ташкилотларнинг нормал ишлашини бузиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқий хавф туғдириши, шунингдек, пойтахт аҳолисининг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини бузишини эслатди.
“Фуқароларни провокацияларга берилмасликка ва юқори фуқаролик масъулиятини намоён этишга чақирамиз. Рухсат этилмаган тадбирларда қатнашиш ҳолатларида ташкилотчилар ва қўзғатувчилар томонидан жамоат тартибини бузиш ва вазиятни оғирлаштиришга қаратилган провокациялар содир этиш хавфи юқори”, дейилади хабарда.
Бишкекдаги тўполон
18 майга ўтар кечаси Бишкекда маҳаллий аҳоли билан чет эллик талабалар ўртасида тўқнашув юз берган, шундан сўнг 29 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Можарога 13 май куни пойтахт туманларидан бирида хорижлик талабалар ва маҳаллий аҳоли ўртасида содир бўлган муштлашув сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Қирғизистон университетларида Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешдан 40 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда.
Бишкекдаги тартибсизликлардан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Хорижлик талабалар яшайдиган ётоқхоналар жойлашган кўчаларда транспорт ҳаракати тўсиб қўйилган. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилишда 2,7 минг нафарга яқин ички ишлар ходимлари, шунингдек, 1 мингдан ортиқ халқ огоҳлиги ходимлари жалб этилган. Пойтахт ички ишлар бошқармаси шаҳарда вазият тинч ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тўлиқ назоратга олинганини айтмоқда.
Тўполон оқибатида тўрт нафар хориж фуқароси, шунингдек, тартибсизликларни қўзғатишга алоқадор бўлган бир неча Қирғизистон фуқароси қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жиноят кодексининг (“Безорилик”) моддаси бўйича иш қўзғатилган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Бишкекдаги вазият тўлиқ ҳокимият назорати остида эканлиги ва шаҳарда хорижлик талабаларнинг погромлари содир этилмаслигига ишонтириб, хорижий ОАВ ва блогерларни ёлғон ёки провокацион маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев митинг иштирокчиларининг талабларини қўллаб-қувватлаб, республика қонунчилигини бузаётган хорижликларга нисбатан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан керакли ишлар олиб борилаётгани, асосан Покистон ва Бангладеш фуқаролари ҳуқуқбузарлик содир этаётганини айтганди. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам Бишкекда хорижлик фуқаролар билан содир бўлган воқеадан хавотир билдириб, Покистоннинг Қирғизистондаги элчисига барча зарур ёрдамни кўрсатишни буюргани, унинг идорам ҳам элчихона билан алоқада ва вазиятни доимий равишда кузатиб бораётганини маълум қилди.
LiveБарчаси