Қирғиз-тожик чегарасида қуролли тўқнашув юз берди

Олам

image

Кеча, 12 апрель куни қирғиз-тожик чегарасида навбатдаги қуролли можаро юз берди. Расмий Бишкек бу сафар Тожикистон ҳарбийларини миномёт қўллаганликда айбламоқда. Бу ҳақда РИА Новости Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таяниб, хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, Қирғизистон чегара бўлинмаси Боткен вилоятининг Лейлек тумани Селкан туманида чегара томон ҳаракатланаётган тожик чегарачиларни пайқаган. Улар тўхташ талабига жавоб бермай, Қирғизистон ҳудудига 20 метрча кириб кетишган. Кейин қирғиз отряди ҳавога ўқ узишни бошлаган, тожик чегарачилари ўқ билан жавоб қайтарган. Музокаралардан сўнг отишма тўхтатилди.

Музокаралар чоғида қўшимча куч сифатида воқеа жойига Тожикистон чегарачиларининг яна бир отряди етиб келган ва улар ҳам отишма бошлаган.

“Иккинчи отишма содир бўлди, у тахминан 30 дақиқа давом этди. Такрорий отишма чоғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати ҳарбий хизматчиси яраланган. Кейинчалик тожик томони Қирғизистоннинг Достук қишлоғини миномётлардан ўққа тута бошлади”, деган матбуот маркази вакили.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон чегара хизмати тожикистонлик ҳамкасбларини биргаликда чегаранинг биргаликда қўриқланадиган қисмида вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймасликка ва тинч аҳолини ўққа тутишни тўхтатишга чақирмоқда.

Нашрнинг Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси Тожикистон томонида икки чегарачи яраланганини маълум қилган. Улар жароҳатлар билан Хистеварза шифохонасига етказилган.

Тожикистон томони чегарадаги вазият бўйича маълумот берганича йўқ.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият

Қирғиз-тожик чегарасидаги навбатдаги кескинлашув январь ойининг охиридан бери давом этмоқда: ўшанда чегарачилар ўртасидаги отишмада тожикистонлик икки ҳарбий ҳалок бўлган, олти нафар ҳарбий яраланган, Қирғизистонда эса саккиз нафар ҳарбий яраланган.

Шундан сўнг Тожикистон ва Қирғизистон делегациялари чегарада ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ҳамда аввалроқ можаро жойига жалб қилинган қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишга келишиб олди. Шунга қарамай, чегарада вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.

Сўнгги йилларда Тожикистон-Қирғизистон чегарасида қурол ишлатиш билан боғлиқ келишмовчиликлар бир неча бор содир бўлган. Охирги марта йирик тўқнашувлар ўтган йилнинг апрель ойи охирида юз берганди. Можарога сабаб баҳсли ҳудуд – “Головной” сув тақсимлаш пункти ёнига камералар ўрнатилгани бўлган. Натижада ҳар икки давлат ҳарбийлари аралашган.

Қирғизистоннинг 180 дан ортиқ фуқароси тўқнашувлар давомида жабр кўрган, деб хабар қилди республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 34 киши вафот этган. Тожикистон можаро қурбонлари ҳақида расмий маълумот бермади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 км. Чегаранинг 460 километри бўйича келишувлар мавжуд эмас, шунинг учун ҳар иккала давлат ҳам у ёки бу участкага ўз даъволарини эълон қилганда, вақти-вақти билан низолар келиб чиқади.


Мақола муаллифи

Теглар

қирғиз-тожик чегараси

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг