Ядрочи олим Фахризода ортидан нега 40 кун аза тутиляпти?

Таҳлил

image

Эрон кўпинча Ғарб давлатлари томонидан ядровий қурол устида ишлаётган бармоқ билан санарли мамлакатлардан бири сифатида тахмин қилинади. Иқтисодий имкониятлар ва сиёсий мустақилликдан ташқари ядро қуролга эгалик қилиш ҳаракатида экани ҳақидаги тахминларнинг ўзи ҳам Эрон овозига янада жарангдорлик қўшиши табиий.

Эроннинг оламшумул янгиликларга қўл урган физик олимларидан бири Муҳсин Фахризода жорий йилнинг 27 ноябрь куни Теҳрондан 50 километр шарқда жойлашган Абсард шаҳри боғида ўлдирилди. Бунгача у Эроннинг ядровий баллистик ракета каллагини яратиш ва синовдан ўтказиш бўйича махфий дастурини бошқариб келган. 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ва Германия билан ҳарбий ядровий тадқиқотларни тўхтатиш тўғрисида келишув асосида бошланган музокаралардан сўнг, ушбу дастур расман ёпилган, деб ҳисобланади.

Муҳсин Фахризода Эронда 2010 йилдан бери ўлдирилган бешинчи ядро физигидир. Ядрочи олим 62 ёшида ўлдирилди. Унинг вафоти муносабати билан мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинди

Хўш, Эронда катта сиёсий обрў ва ҳурмат эгаси сифатида кўрилаётган Муҳсин Фахризода аслида ким? Нега унинг ортидан 40 кун аза тутиляпти? Бунга қуйида жавоб топамиз. 

Муҳсин Фахризода ҳақида нималар маълум?

Муҳсин Фахризода 1958 йилда Эроннинг Қум шаҳрида туғилган. 1979 йилдаги инқилобдан кейин у Ислом инқилоби соқчилар корпусига қўшилади. Фахризода Ислом инқилоби гвардияси зобити ва Теҳрон шаҳридаги Имом Ҳусайн университетининг физик профессори эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши маълумотларига кўра, Фахризода Эрон Мудофаа вазирлиги ва Эрон Қуролли Кучларининг катта илмий ходими, шунингдек, Физикавий тадқиқотлар марказининг раҳбари бўлиб ишлаган. У баллистик ракеталар учун ядровий каллак яратиш бўйича “Амад лойиҳаси” махфий дастурини ҳам бошқарган.

Шунингдек, Муҳсин Фахризода Эроннинг COVID-19 га қарши кураш дастурининг бош илмий координатори бўлган. Унинг бошчилигида интенсив терапия шароитида жиҳозланган жойлар сони (эпидемия бошлангунга қадар 90 минг), Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг сўзларига кўра, 142 мингтага етган. Ойлик тестлар сони кунига 40 мингдан 100 минг тагача ўсган ва январь ойи охирига қадар 140 мингтага етказиш режалаштирилганди. Қолаверса, у вакциналар ишлаб чиқариш миллий дастури ва бунинг учун зарур бўлган ускуналар учун масъул шахс бўлган.

“Лойиҳа 111”

БМТ маълумотларига кўра, Фахризода Эрон Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучларининг катта илмий ходими ҳамда Физикавий тадқиқотлар маркази раҳбари бўлиб ишлаган даврлари унинг фаолияти авж нуқтасига чиқади. Халқаро атом энергияси агентлиги олимдан Физикавий тадқиқотлар маркази раҳбарлик даврлари тўғрисида интервью беришини сўраган. Аммо, Фахризода интервью беришдан бош тортади.

Ғарб разведкаси уни “Лойиҳа 111” деб номланган Эрон ядро дастурига масъул эканини даъво қилади. Улар “Лойиҳа 111”ни Эронда ядро бомбасини яратишга уриниш сифатида кўриб келган. Зеро, Фахризода Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги кузатувчилари орқали ўзининг ядро дастури фақат фуқаролик мақсадларига қаратилгани ва Ғарб разведка хизматлари томонидан тақдим этилган маълумотлар сохта эканини мунтазам равишда таъкидлаган. “The New York Times” газетасининг ёзишича, Фахризода АҚШ разведкаси ҳисоботларининг махфий қисмларида келтирилганидек, Эрон учун ядровий каллак ишлаб чиқаришга қаратилган ҳаракатлар устида катта ишлар олиб борган. 2007 йилда Фаҳризода Эроннинг ядро қуроли дастурини юритувчи “Advanced Technology Deploy Expansion Group” (FEDAT) раиси этиб тайинланган.

Ташқи агрессиялардан кучсиз ҳимоя

Фахризоданинг ўлдирилиши Эроннинг ташқи таҳдидлардан талаб даражасида ҳимоялана олмаслигини кўрсатади. Аслида бу Эрон сиёсий элитаси учун иккинчи катта йўқотиш. Шу йилнинг январида Эрон ташқи сиёсатининг "меъмори", минтақада катта обрў ва мавқега эга шахс Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус "Ал-Қудс" бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний Бағдод аэропортида АҚШнинг ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганди. Бу эса, Теҳроннинг асосий амалдорларни мухолифат режими таҳдидларидан етарли даражада ҳимоя қила олмаслигини кўрсатади.

Бундан 10 йил олдин ҳам мамлакатнинг ядро дастурида иштирок этган бир неча эронлик олимларнинг ўлдирилишида асосий гумондор сифатида кўрилаётган Исроил Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши тўғрисида ҳанузгача изоҳ бермаган. Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний эса, Исроилни Фахризоданинг қотиллигида айблашда давом этмоқда.

Фахризода “ёлғиз” эмас

2010 йилдан 2012 йилгача Эронда ядро қуроли бўйича тўрт мутахассис ўлдирилган. Фахризода сўнгги 10 йил ичида ўлдирилган бешинчи эронлик ядро олими бўлди. Эрон барча қотилликлар учун Исроилни айблади. Қуддус эса ушбу қотилликларга алоқадор эмаслигини таъкидлаб келган. Фахризодани йўқ қилишда ҳам асосий айбдор сифатида кўрилаётган Исроил ҳозирча изоҳ беришдан тийилди. Яҳудий давлати ва унинг асосий иттифоқчиси бўлган Қўшма Штатлар ядро қуролининг Теҳрон қўлида қолишига йўл қўймаслик учун фавқулодда чоралар қўлланилишини истисно этмайди. 

Фаҳризоданинг ўлдирилиши АҚШ томонидан Эроннинг бош ҳарбий раҳбари Қосим Сулаймонийга қарши учувчисиз самолёт ёрдамида амалга оширилган ҳужумдан деярли 11 ой ўтгач содир бўлди. Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда ўлдирилган. Вашингтон ушбу зарбани хориждаги Америка қўшинларини Ислом инқилоби посбонлари корпусининг “ Ал Қудс” кучларини бошқарган Сулаймонийдан ҳимоя қилиш учун мудофаа операцияси деб номлади. Маълумот учун, ушбу гуруҳ АҚШда хорижий террористик ташкилот сифатида рўйхатга олинган.

Қотилликдан кейинги вазият

Эрон АҚШ ва Исроилни ҳар қандай ҳодисага тайёр туришга чақирди. Эрон Ислом Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчи ядрочи-физик олим Муҳсин Фахризода ўлдирилгандан сўнг БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик Кенгаши раисининг номига юборган мактубида Эрон ўз халқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши ҳақида ёзди.

“Қўшма Штатлар ва Исроилнинг мамлакатимга қарши ҳар қандай авантюристик чоралари пайтида, айниқса, АҚШ амалдаги маъмуриятининг қолган даврида, Эрон Ислом Республикаси ўз халқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, деб ёзган Мажид Тахт-Раванч.

Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф эса, Исроилнинг ядрочи олим қотиллигига алоқадорлигини эълон қилганди. У халқаро ҳамжамиятни, хусусан Европа Иттифоқини икки томонлама стандартлар сиёсатига барҳам беришга ва “давлат терроризми” ҳаракатини қоралашга чақирди. Шунингдек, Эрон Олий раҳбарининг маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон мамлакат ядро дастури муаллифларидан бири бўлган юқори мартабали ядрочи олим Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишига жавоб қайтаришни ваъда қилди.

“Биз шаҳиднинг қотилларига чақмоқдек ёпириламиз”, деган Олий раҳбар маслаҳатчиси.

Айни вақтда Сулаймонийнинг вафотидан кейин бўлгани каби, эронликлар Фахризоданинг ўлими учун қасос олишни талаб қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса, Эрон Ислом Республикаси ҳукуматини босиқликка чақирмоқда. Эрон Олий Бош қўмондони Оятулло Али Ҳоманаий ҳужум ортида АҚШ ва Исроил турганини айтди. Ядрочи муҳандиснинг ўлдирилиши Трамп маъмуриятининг Эрон расмийлари билан мулоқотни қайта тиклашни хоҳлаган Байденни безовта қилишга қаратилган яна бир уриниш, деган тахминлар ҳам мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳасан Руҳоний Қосим Сулаймоний Муҳсин Фахризода

Баҳолаганлар

298

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг