Эронда олимнинг ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинди
Олам
−
28 Ноябрь 2020
5798Эронда ядро дастури муаллифларидан бири бўлган юқори мартабали ядрочи олим Муҳсин Фахризоданинг ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинди.
Мамлакатда минглаб одамлар Фахризоданинг ўлими учун қасос олишни талаб қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Эрон Ислом Республикаси ҳукуматини босиқликка чақирмоқда.
Эрон Олий бош қўмондони Оятулло Али Ҳоманаий ҳужум ортида АҚШ ва Исроил турганини айтди. Американинг “Axios” портали ядрочи муҳандиснинг ўлдирилиши Трамп маъмуриятининг Эрон расмийлари билан мулоқотни қайта тиклашни хоҳлаган Байденни безовта қилишга қаратилган яна бир уриниши деб ҳисоблайди.
Аввалроқ Эрон Мудофаа вазирлиги ядровий физик Муҳсин Фахризода ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди. У Эрон пойтахти яқинидаги Абсард аҳоли пунктида террорчилар ҳужуми қурбони бўлди.
Аввалроқ, Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Исроилнинг ядрочи олим қотиллигига алоқадорлигини эълон қилганди. У халқаро ҳамжамиятни, хусусан Европа Иттифоқини икки томонлама стандартлар сиёсатига барҳам беришга ва “давлат терроризми” ҳаракатини қоралашга чақирди.
Кейинчалик, ядрочи олимининг ўлимидан сўнг, Эрон АҚШ ва Исроилни огоҳлантирди. Эрон ўз халқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, дейилади Ислом Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчининг БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик Кенгаши Раисининг номига юборган мактубида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 январида Эрон ташқи сиёсатининг "меъмори", минтақада катта обрў ва мавқега эга шахс ИИПКнинг махсус "Ал-Қудс" бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний Бағдод аэропортида АҚШнинг ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилганди. Ҳатто, минтақада катта обрў ва мавқега эга генерал вафот этганда ҳам мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинмаган.
Умиджон Нозимжонов
LiveБарчаси