Қиморга эшик очган Ўзбекистон – Спорт дайжести
Спорт
−
27 Апрель
18591Ўзбекистонда Президент фармонига кўра, қиморга асосланган ўйинларга тўлиқ рухсат берилди, футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Париж Олимпиадаси сари катта қадам ташлади. Боксчи Исроил Мадримов ҳозирда дунёнинг энг яхши чарм қўлқоп устаси америкалик Теренс Кроуфорд билан жанг қилади.
Ассалому алайкум. Шу ва бошқа мавзулар билан QALAMPIR.UZ'да спорт дайжести.
Ўзбекистонда таваккалчиликка асосланган ўйинларга рухсат берилди
Ўзбекистонда таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади. Бу ҳақда Президентнинг “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 январдан интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади. Шунингдек, лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятлари қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади.
Лицензиялар асосида ташкиллаштирилган лотерея, интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида фақат 18 ёшга тўлган Ўзбекистон резиденти ва норезидентлари қатнашиши мумкин.
2025 йил 1 январдан 5 йил муддатга лотерея ҳамда интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини солиққа тортишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби белгиланади:
- лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятидан ёки букмекерлик фаолиятидан олинган жами даромадидан тўланган ютуқлар ва қайтарилган ставкалар чегирилган ҳолда 4 фоиз ставкасида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади;
- жисмоний шахсларнинг агентлик томонидан берилган лицензиялар асосида ўтказиладиган лотереялар ҳамда интернет тармоғидаги ўйинлардан ва букмекерлик гаровидан олинган ютуқлар сифатидаги даромадлари даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
Лотерея ва интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этишини мониторинг ва назорат қилиш функциялари агентлик ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Олимпиада сари катта қадам ташлади
26 апрель куни футбол бўйича U-23 Осиё кубогининг чорак финали доирасида Ўзбекистон Саудия Арабистони билан куч синашиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Жуда муҳим ўйинда Темур Кападзе шогирдлари сафида голларга Ҳусайн Норчаев ва Умарали Раҳмоналиев муаллифлик қилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Осиё кубогининг ярим финалига йўл олиб, Олимпиада сари яримта йўлланмани нақд қилди.
Энди ўзбекистонлик олимпиячилар турнир финалолди ўйинида Индонезия билан куч синашади. Агар Кападзе шогирдлари индонезиялик футболчиларни таслим эта олса, Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқади.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шу вақтга қадар бирор марта Олимпиада чиқа олмаган. Ҳозирги таркиб ва вазиятдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳар қачонгиданда Олимпиадага яқин дейиш мумкин.
Ўзбекистон-Индонезия ўйини 29 апрель куни соат 19:00 да старт олади. Ўзбекистон-Индонезия баҳси ғолиби Япония-Ироқ қарама-қаршилигида зафар қучган жамоа билан тўқнаш келади.
Футзал: Ўзбекистон Марказий Осиё дербисида қатнашади
Футзал бўйича Осиё кубогининг ярим финал ўйинлари бўлиб ўтди. Финалолди ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Эрон билан куч синашиб, пенальтилар сериясида имкониятни бой берди.
Асосий вақтда 3:3 ҳисоби қайд этилгач, ҳакам экстра таймларга старт берди. Қўшимча бўлимларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Футзал лотореяларида эса Эрон 5:4 ҳисобида зафар қучиб, финалга йўл олди.
Ўйин давомида Ўзбекистон терма жамоаси сафида голларга Суннатулла Жўраев ва Аброр Аҳметзянов муаллифлик қилди.
Финалда форслар мусобақа мезбонлари Таиланд билан куч синашса, Хосе Венансио Лопес шогирдлари 3-ўрин учун ўйинда қўшни тожикистонлик футзалчиларга қарши майдонга тушади.
Финал ва 3-ўрин учун баҳслар 28 апрель куни бўлиб ўтади. Ўзбекистон-Тожикистон ўйини Тошкент вақти билан 13:00 да, Таиланд-Эрон баҳси эса 16:00 да старт олади.
Райан Гарсия ўз ҳисобидан Ғазога 20 млн доллар ажратди
Америкалик машҳур боксчи Райан Гарсия Ғазо секторига гуманитар ёрдам учун 20 миллион доллар хайрия қилади. Бу ҳақда унинг ўзи Х саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Гарсия Ғазо сектори учун 20 миллион доллар гуманитар ёрдам жўнатишга ваъда берган.
25 ёшли Гарсия охирги жангини 21 апрель тонгида ҳамюрти Девин Хейнига қарши ўтказиб, тўлиқ давом этган жангда ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонди.
Маълум бўлишича, мазкур жангдан олдин Райан Гарсия ўзига 2 миллион доллар тикиб, 12 миллион доллар ютиб олган. Умумий ҳисобда Райан Хейнига қарши жангдан 50 миллион доллар даромад кўрган.
Шу вақтга қадар Гарсия 27 марта рингга кўтарилиб, жангларининг 26 тасида ғалаба қозонган. 1 та тўқнашувда ҳамюрти Жервонта Дэвисга имкониятни бой берган. Райан 27 та жангининг 20 тасида рақибларини нокаутга учратган.
Мадримов ва Кроуфорд “нигоҳлар жанги”да тўқнаш келди
24 апрель куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида америкалик мағлубият ва муроса нималигини билмай келаётган 36 ёшли Теренс Кроуфорд (40-0, 31 KO) ҳамда 29 ёшли ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Исроил Мадримов (10-0-1, 7 KO) иштирокида илк матбуот анжумани ҳамда face-to-face маросими бўлиб ўтди.
3 август куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган ушбу жангда ўртага Мадримовга тегишли WBA чемпионлик камари ҳамда биринчи ўрта вазнда вакант, яъни эгасиз бўлиб турган вақтинчалик WBO камари қўйилади.
Иккала боксчи ҳам жанг бўйича ўзларининг дастлабки фикрларини билдирди.
“Мен профессионал боксдаги фаолиятимни бошлаган пайтимда Теренс каби боксчиларга қарши жанг ўтказишни орзу қилганман. Бугун севимли боксчимиз, P4P рейтинги етакчиси бўлган Теренс Кроуфорд билан жанг ўтказиш имкониятини қўлга киритдим. Менга унинг услуби ёқади. Уни ҳурмат қиламан, лекин бу менинг дивизионим. 3 август куни камаримни ҳимоя қилишга тайёр бўламан”, дейди Мадримов.
Нигоҳлар жангининг иккинчи қисми Нью-Йоркнинг ташриф қоғозларидан бири Time square'да ўтказилди.
Нурсултон Рўзибоевнинг навбатдаги рақиби ва жанги санаси маълум бўлди
Ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоев ташкилотдаги навбатдаги жангини 12 майга ўтар кечаси АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ўтказиладиган турнирда ўтказади. Бу ҳақда ташкилот раҳбари Дана Уайт ўз саҳифасида маълум қилди.
Ўша куни Рўзибоевга қарши ярим ўрта вазн тоифаси рейтингида 11-ўринни банд этган америкалик Хоакин Бакли октагонга чиқади.
Маълумот учун, 29 ёшли Бакли шу вақтга қадар MMA'да 24 марта жанг ўтказиб, баҳсларнинг 18 тасида ғалаба қозонган, 6 та тўқнашувда эса имкониятни бой берган. Жангларининг 13 тасида рақибларини муддатидан аввал мағлубиятга учратган. 30 ёшли Рўзибоев эса MMA'да умумий 42 та жангда қатнашиб, 34 та ғалаба қайд этган, 8 та жангда мағлубиятга учраган. 14 жангда рақибларидан муддатидан аввал таслим этган.
“Кальяри” Шомуродовни тўлиқ сотиб олмоқчи
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва трансфер ҳуқуқлари Римнинг “Рома” клубига тегишли бўлган Элдор Шомуродов фаолиятини ҳозир тўп тепаётган “Кальяри”да давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Италия ОАВ хабар берди.
Манбага кўра, ўзбекистонлик форварднинг ёрқин ўйини фонида Сардиния жамоаси устози Клаудио Раньери Шомуродовни асосий таркибнинг ажралмас футболчиси сифатида кўрмоқда.
“Кальяри” Шомуродовнинг самарадорлигига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қиляпти. Клуб “Рома” билан амалдаги ижара шартномасида сотиб олиш вариантини фаоллаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. “Кальяри” ижарада тўп тепаётган Шомуродовнинг шартномасидаги 10 миллион евролик сотиб олиш бандини фаоллаштириши мумкин.
Маълумот учун, 28 ёшли Шомуродов жорий мавсум Италия А Сериясида 18 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Унинг трансфер қиймати 5 миллион еврони ташкил этади.
Файзуллаев Италиянинг 2 та клуби радарига тушиб қолди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаевга Италиянинг 2 та клуби қизиқиш билдирмоқда.
Файзуллаев жорий мавсум якунида Европага кўчиб ўтиши мумкин. Италиянинг икки клуби “армиячилар” футболчисининг ўйинини диққат билан кузатиб бормоқда. Ҳозирча клублар номи ошкор этилмаган.
Файзуллаев Москва жамоасида 2023 йилнинг ёзидан буён ўйнаб келмоқда. Томонлар ўртасидаги амалдаги шартнома муддати 2026 йилнинг июнь ойи охиригача мўлжалланган. “Transfermarkt” портали унинг қийматини 5 миллион еврога баҳоламоқда.
Россия Премьер-лигасининг жорий мавсумида 20 ёшли ярим ҳимоячи 18 та ўйин ўтказиб, 3 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди.