Парижда “ўйнаб келиш” қанчага тушди?
Таҳлил
−
01 Август
41240Сўнгги вақтларда ўзининг ноодатий очилиш маросими ва спортчиларнинг қайд этаётган натижалари билан бутун дунёда эътибор марказида турган Франциядаги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон учун ҳам эсда қоларли ўтмоқда. Футбол терма жамоасининг мағлубияти кимларнингдир ғазабига сабаб бўлса, дзюдочи Диёра Келдиёрованинг ғалабаси одамларни хурсанд қилди. Айниқса, фан-клуб таркибида борган мухлисларнинг оғзи қулоғида. Хўш, ўзи ушбу мусобақага кимлар юборилди ва улар нима вазифани бажарди? Бунинг учун давлат қанча пул сарфлади?
Бу йил Ўзбекистон делегацияси ўз тарихида энг катта таркиб билан Олимпиада ўйинларида иштирок этмоқда. Делегация аъзолари 19 та спорт турида 90 нафар спортчи билан 75 та лицензия бўйича баҳсларга киришди. Бундан ташқари, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов делегация таркибида Парижга учди. президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритадиган Президент Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева эса Баҳодир Жалоловни табриклаш вақтида кўриниш берди, ҳамда у билан тушган суратларини тармоқларда улашди.
Бугун мусобақанинг 6-куни ортда қолди. Шу вақтга қадар Ўзбекистон мамлакат ҳисобига фақатгина 1 та олтин медални ёзиб қўя олди. Катта умид боғланган футбол жамоаси эса Испанияга 2:1, Мисрга 1:0 ҳисобида мағлубиятга учраб, Олимпия ўйинларини тарк этди. Темур Кападзенинг шогирдлари ва уларни қўллаш учун давлат ҳисобидан борган 400 дан ошиқ фан клуб аъзолари Ҳожибой Тожибоев айтганидек, Париждан биттадан музқаймоқ еб қайтди.
Хўш, давлат Францияга теп-текин олиб бориб келган, ўйин чипталарини сотиб олиб берган одамларнинг харажати халққа қанчага тушди? QALAMPIR.UZ манбаси берган маълумотга кўра, мухлислар таркибида тахминан 400 нафар футбол ишқибозлари чартер рейс билан Парижга учган. Уларнинг нафақат борди-келди, балки ўйинга кириш чипталари, меҳмонхона харажатлари давлат ҳисобидан, тўғрироқ қилиб айтсак, халқнинг пулидан қоплаб берилган. Ҳатто, кундалик эҳтиёжлар учун ҳам ҳар бир мухлис учун 40 евродан ҳар куни маблағ берилгани айтилмоқда.
Uzbekistan Airways’нинг расмий саҳифасида бир киши учун Тошкентдан Парижга учадиган самолётнинг эконом классда бориб-келиш чипта нархи 5 миллиондан 10 миллион сўмгача деб белгиланган. Бу ўртача ҳисобда 7,5 миллиондан 400 та одам учун 3 миллиард сўм бўлади. Албатта, клуб аъзолари чартер рейс билан боргани сабабли мамлакатга компаниядан чегирмалар бўлган, ёки бу халқаро тадбир бўлгани сабабли қатнов чипталари давлатга мутлақо текинга тушган бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу одатий нарх билан ҳисобланса, тахминан 3 миллиард сўмга тушади.
Ана энди чипталар қанчага айланганига тўхталсак. “Анадолу” агентлиги берган маълумотларга кўра, ўйинга кириш чипталари 90 дан 2700 еврогача сотилган. Буни энг кам 90 евро, яъни 1 миллион 230 минг сўмдан ҳисоблаганда ҳам 400 та одам учун, 492 миллион бўлади. Мухлислар Ўзбекистондан 23 июль куни жўнаб кетган. Ҳар бир одамга кундалик берилган 40 евро эса 8 кун учун 128 минг евро, яъни 1 миллиард 745 миллион сўмни ташкил этади.
Меҳмонхона ва Париждаги транспорт харажатларини-ку ҳисоблаб чиқмадик. Хулласи калом, юқоридаги “сахий”ларимиз ютқазган жамоани қўллаш учун мухлислар жамоасининг ўзига камида 5-6 миллиардни сарфлашибди. Бу, албатта, тахминий ҳисоб-китоблар, аммо рақамлар миллиардларни ташкил этиши, шубҳасиз.
Энди медалларга тўхталсак, мусобақалар бошланишидан аввал, Ўзбекистон олтин медаль учун 200 минг, кумуш учун 100 минг, бронза учун эса 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти беришни ваъда қилган. Спортчиларни қўллаб-қувватлаш яхшику-я, аммо бу соҳада Германия, Америка ва Францияни ҳам ортда қолдириш бироз ортиқча эмасмикан. Жумладан, Германия биринчи ўрин учун 21.900, Америка 37.500, Франциянинг ўзи эса 71.200 доллар ажратган.
Ҳа, кетса бойдан кетибди-да, деб тургандик, бу ёқда ўйиндан рекламаларни узатиб, пул қилаётган блогерлар ҳам кўриниш бериб қолди. Улар ҳам давлат бюджети ҳисобидан кетганми дерсиз, йўқ! Биздаги маълумотларга кўра, баъзи блогерлар хусусий компанияларнинг рекламаси ҳисобидан, баъзилари ўз ҳисобидан, баъзилари эса “Uzbekistan’s club”нинг таркибида кетган. Шошманг, шошманг! “Uzbekistan’s club”ни давлат молиялаштирмайдими? Ҳа, қўлимизда бор ушбу ҳужжатга кўра, “Uzbekistan’s club”нинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг захира маблағлари, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда “Ватандош” жамоат фонди ҳисобидан молиялаштирилади. Бу йил ушбу клуб таркибида Никита Макаренко, Ҳуснора Шодиева, Ситора Олимжонова, Мафтуна Шокирова каби журналист-у блогерлар мусобақага жўнатилган. Уларнинг қайси харажатлари қоплангани ва қанча пул ажратилгани эса бизга қоронғи. Лекин ўйинларни ёритиш учун борган блогерларнинг контентида ўйиндан ҳам кўпроқ Франциянинг чиройли манзаралари ва ўзларининг суратлари улашилди.
Етарлича ёритилмаган ўйин-у сарфланган пулларни ҳам бир четга суриб турайлик. Тармоқларда шунча одам учун пул сарфланган Олимпиадага спортчиларнинг оила аъзолари олиб кетилмагани норозиликларни келтириб чиқармоқда. Масалан, Ҳусанов кимлигини ҳам билмайдиган Макаренко ўрнига ягона олтин медални Ўзбекистон ҳисобига ёзиб қўйган Диёра Келдиёрованинг турмуш ўртоғини олиб бориш тўғрироқ бўлмасмиди? Кимга маълум-у кимга қоронғи: Келдиёрованинг турмуш ўртоғи ҳам дзюдочи. Агар у ҳам мусобақага олиб борилганда, биринчи бўлиб Диёрани табриклаган ва бу спортчилар оиласи бутун дунё ОАВларида ўрнак сифатида узатилган бўларди. Бундай ҳолат биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. 3 май куни Қатарда бўлиб ўтган Осиё Чемпионатига ҳам блогерлар жўнатилгани, спортчиларнинг ота-оналари олиб кетилмагани норозиликларга сабаб бўлганди.
Хуллас, Ўзбекистоннинг чўнтаги бақувват кўринади, биргина Олимпиада учун миллиардлаб пуллар сарфланди. Яхшиямки, Келдиёрова чемпион бўлди, футбол жамоасининг мағлубиятини бироз бўлса-да ювди. Ўйинлар 11 августга қадар давом этади. Энди умидимиз қолган спортчилардан.
LiveБарчаси