Қибрайда беш кишини шафқатсизларча ўлдирган қотил умрбодга қамалди
3-саҳифа
−
16 Декабрь 2021
14972Жорий йилнинг 29 июль куни Тошкент вилоятида беш киши – ота, икки қиз, бир ўғил ва ёлланма ишчини пичоқлаб ўлдирган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.
Гап шундаки, Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган Ш. исмли шахс 2018 йилнинг ёз фаслида ишлаш мақсадида Қибрай туманига келади. У ерда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қурилишида ишлаш давомида турмушидан ажрашиб икки нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаётган М.А. билан танишади. Шу билан улар жорий йилнинг май ойигача ўзаро ишқий муносабатда бўлиб келади. 11 май куни эса Ш. ишлаш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кетади. Бу орада у ердан М.А.га тинимсиз қўнғироқ қилиб, SMS хабарлар жўнатиб, ўрталаридаги ишқий алоқаларни қайта тиклашни акс ҳолда, уни фоҳиша сифатида ўзини ҳамда яқин қариндошларининг шаъни ва қадр қимматини камситувчи маълумотларни, яъни, ўз уяли телефони хотирасида сақлаб келаётган ва муқаддам М.А.ни яланғоч ҳолатда ўзи фото ҳамда видеоёзувга олган порнографик материалларни ижтимоий тармоқларга жойлашини айтиб қўрқитади.
Қайд этилишича. М.А. унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйгандан сўнг эса Ш. суратларни Instagram саҳифасига жойлаб М.А. ва унинг оиласининг шаънини оёқ ости қилади. Аёл билан ўрталаридаги муносабат буткул тугаганидан баттар аламзада бўлган Ш. уни қасддан ўлдиришни мақсад қилади. Жорий йилнинг 25 июль куни тунда “Москва-Тошкент” йўналишидаги рейс билан Тошкентга учиб келади. 26 июль куни эрталаб соат 08:00 ларда Чирчиқ шаҳар “Деҳқон бозори”га келиб, у ердан 30 минг сўмга ошхона пичоғини сотиб олади.
Шундан сўнг, Ш. таксига ўтириб М.А.нинг ишхонаси олдига келади ва уни ҳайдовчининг телефонидан фойдаланиб, қўнғироқ қилиб чақиради. М.А. ишхонадан чиқиб, уни кутиб турган Ш.ни ёнига борганда у аёлни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилиб, юзига шапалоқ уради ва қасддан ўлдириш учун ўзи билан олиб келган ошхона пичоғини, унга санчмоқчи бўлганида, номаълум ҳайдовчи уларни кўриб қолади. Шу билан у режасини амалга ошира олмайди.
Шу боис, у уч кундан сўнг, кечки соат 23:30 ларда олдиндан тайёрланган ошхона пичоғи, тиббий ниқоб ва қўлқопни олиб, М.А яшайдиган уйга боради. Уйнинг кириш дарвозаси очиқлиги ва ҳовлида чироқ ўчганини кўриб, ҳовлидан ўтиб уйнинг яшаш хонадонига сездирмасдан киради ва даҳлизда ухлаб ётган М.А.нинг синглиси М.Е.ни кўриб қолади. Хона қоронғу бўлгани боис уни М.А. деб ўйлаб, М.Е.нинг кўкрак соҳасига бир неча маротаба пичоқ билан уриб уни ўлдиради. Шу тобда М.А.нинг бақирган товушини эшитиб, унинг отаси уйғониб қолади. Товуш чиққан томонга келган қизнинг отасини кўриб Ш. унинг ҳам кўкрак қафасига бир неча бор пичоқ уриб, қасддан ўлдиради. Бу орада ҳовлида ухлаб ётган М.А.нинг укаси ҳам уйғониб кетади. Ш. уни ҳам кўкрак қафаси ва чап қўлтиқ соҳасига бир неча маротаба пичоқ тиқиб ўта шафқатсизларча ўлдиради. Шундан сўнг, шу куни ушбу хонадонда қурилиш ишларини бажариш учун келган ёлланма ишчи Ш.ни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, унга яқинлашган пайтда қотил унга ҳам ташланиб, ерга йиқитади ва кўкрагига пичоқ санчади. Кейинчалик жабрланувчи етказилган оғир жароҳатлар туфайли Қибрай туман марказий шифохонасида вафот этади.
Шундан сўнг эса, Ш. ҳовлидаги каравотда ухлаб ётган М.А.ни юрак соҳаси ва чап кўз қисмига бир неча марта пичоқ санчиб қасддан ўлдиради. Бу орада М.А.нинг онаси баланд овозда атрофдаги қўшниларни ёрдамга чақира бошлайди. Қотиллик содир этиш жараёнида ўнг қўл бармоғини кесилиб кетиши натижасида юзага келган қон кетиш ҳамда кучли оғриқ туфайли Ш. қолган ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, воқеа жойидан қочиб яширинади.
Жорий йилнинг 14 декабрь куни Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ёпиқ судида Ш.нинг иши кўриб чиқилди. Жиноятчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “л” банди, 97-моддаси 2-қисми “а,в,г,ж,л,р” бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “а,г,р” бандлари, 119-моддаси 2-қисми “г” банди, 130-моддаси 2-қисми “а” банди, 140-моддаси 2-қисми ва 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.
Ҳукмга кўра, жиноятчига нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси, 119-моддаси 2-қисми “г” банди, 130-моддаси 2-қисми “а” банди, 219-моддаси 1-қисми, 140-моддаси 2-қисми, 97-моддаси 2-қисми “а,в,г,ж,р” бандлари билан, Жиноят кодексининг 59-моддаси 4-қисми тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.