Кэмерон Тошкентга келди
Жамият
−
23 Апрель
8477Буюк Британия Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт вазири Дэвид Кэмерон бугун, 23 апрель куни Тошкентга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Кэмерон айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокара олиб бормоқда.
Учрашувда минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилмоқда.
Маълумот учун, Кэмерон савдо, хавфсизлик ва атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафар қилмоқда. "The Independent" нашрининг ёзишича, Кэмерон Марказий Осиё мамлакатларининг қийинчилик билан эришилган мустақиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам фикр алмашмоқчи. Шунингдек, у Британия университетларида хорижликларнинг таълим олишини қўллаб-қувватловчи Chevening стипендиялари учун маблағ миқдори икки баравар оширилиши ва келгуси уч йил давомида минтақа бўйлаб ривожланиш харажатлари учун 50 миллион фунт стерлинг ажратилишини маълум қилмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 апрель куни Дэвид Кэмерон Тожикистонга борган ва у ерда Президент Имомали Раҳмон қабулида бўлганди. Шундан сўнг у Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашди.
LiveБарчаси