“Қаттиқ огоҳлантирдим”. Вазир Турдимов ректорларни ишдан олмаганини айтди
Жамият
−
17:35 3252 4 дақиқа
Аввалроқ, Таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидаги 5 нафар ректорни ишдан олгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ у ушбу хабарни рад этиб, тўртта ректорни қаттиқ огоҳлантирганини маълум қилди. Бу ҳақда у журналист Каримберди Тўрамуродга берган интервьюсида сўз очди.
“Интервью бермайман, ижтимоий тармоқларда камроқ кўринай, аввал ишлайлик, натижа кўрсатайлик”, дейди у интервью аввалида.
Эркинжон Турдимов Президентнинг “Ўзимнинг энг ишонган кадримни таълим соҳасига раҳбар қилиб қўйдим”, деган гапига ҳам муносабат билдирган.
“Президентнинг бу сўзлари менга билдирилган катта ишонч ва бўйнимга катта масъулият ҳам юклайди. Мен ана шу ишончни йўқотиб қўймаслигим керак. Менинг хато қилишга ҳаққим йўқ. Тўғри айтдингиз, мен таълимнинг одами эмасман, исталган вилоятга ҳоким қилиб қўйсалар, уч кунда эплаб ҳам оламан, жиловни ҳам қўлимга оламан. Таълим соҳасини билмайман. Энди ўрганяпман. Мен дарс бера олмасман, аммо раҳбарликни биламан. Мен сиз айтган камчиликларни ҳам яхши биламан. Кураш осон бўлмайди, албатта. Мен таълим тизимида оламшумул инқилобий ўзгаришлар қила олмасман, аммо тизимда тартибни ўрнатаман”, дейди у.
Шунингдек, вазир жорий йилнинг 6 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда 5 нафар ректорни ишдан олмаганини, бироқ 4 нафарини қаттиқ огоҳлантирганини билдирган.
“Мен ҳали бешта ректор эмас, биттасини ҳам ишдан олмадим. Йиғилишда бешта эмас, тўртта ректорни қаттиқ огоҳлантирдим. Вазирликда махсус ишчи гуруҳ тузилди. Бу масала билан ана шу катта ва нуфузли гуруҳ шуғулланади. Қайси ректор қолиш-қолмаслиги ишчи гуруҳнинг ҳаққоний хулосаси асосида бўлади. Тасаввур қилинг, мақталган институтнинг (қайсилиги очиқланмаган – таҳр.) сараланган 10 нафар талабасидан уларнинг билим даражасини аниқловчи стандарт тест олдик. Ишонасизми, сараланган, ректорнинг ўзи энг аълочи талабаларим, деб олиб келган 10 талабанинг бирортаси ақалли “уч” баҳо ололмади. Мана, сизга таълимнинг сифати!” дейди вазир.
Шунингдек, Эркинжон Турдимов уни ёшлар тарбиясида ор, номус, ғурур, деган нарсалар етишмаётгани ташвишга солаётганини билдирган.
“Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Мен ҳам ишни айнан тарбиядан бошладим. Яширмайман, бу ишни тарбия борасидаги энг муҳим китобларни ўқишдан бошладим. Мактабларда тарбия дарслиги Хитой ва Японияда бор экан. Ҳозир шу китобларни ўқияпман. Улардан кўп нарсани ўрганишимиз ва ўзимизда жорий этишимиз лозим. Сиз жуда ватанпарвар ва оташин одамсиз, сизга бир нарсани айтаман. Мени халқимиз, айниқса, ёшларимиз тарбиясида етишмаётган ор, номус, ғурур, деган нарсалар ташвишга солади. Ёшларимизда ғурур тушунчасини жуда ҳам баландга кўтаришимиз керак. Улар ўзларининг ўзбек эканлигидан ғурурлансинлар! Ўзларининг мусулмон эканликларидан, инсон эканликларидан ғурурлансинлар!” дейди Таълим ва илм-фан вазири.
У ёшлар давлатнинг муқаддас рамзлари бўлган байроқ, герб ва мадҳи билан ғурурланиши кераклигини айтиб, бу масалада Туркияни мисол қилиб келтирган.
“Ёшлар давлатимизнинг муқаддас рамзлари бўлган байроғимиз билан, гербимиз билан, мадҳиямиз билан ғурурлансинлар! Мен ана шуни истайман! Давлатимиз раҳбари билан Туркияга бордик. Туркия мадҳияси янгради. Ишонасизми, мадҳияга қўшилмаган, бор овозда жўр бўлмаган битта ҳам одам қолмади. Баданим жимирлаб кетди! Яшириб нима қилдик, бизда мадҳия ижро қилинганида 10 фоиз ҳам одам қўшилиб айта олмайди! Тўғри, оғизни қимирлатиб туришади, аммо на матни билишади, на қўшилиб куйлашади. Истанбулга биринчи марта борган одам уни байроқлар шаҳри, деб ўйлайди. Ҳар бир кўча, ҳар бир уйда Туркия байроқлари. Майдонларда, денгиз қирғоқларида улкан байроқлар ҳилпираб туради.
Кечқурун шаҳар кўчаларида шунчаки сайр қилиб юрган кекса кишиларнинг ҳам қўлларида байроқларни кўрасиз! Уларни биров мажбурламаган! Улар байроққа, ватанга муҳаббатлари туфайлигина ўз давлати байроғини кўтариб юришибди. Мен Ўзбекистонда ҳам халқимиз ўз байроғига, мадҳиясига, гербига ана шундай муҳаббатли бўлишларини истайман! Тўғри, мадҳия мусиқаси Совет Ўзбекистони мадҳиясинки, герб ҳам шундай, байроқ ҳам шунга яқин, деган сўзлар ижтимоий тармоқларда кўп айланади. Аммо бугун бори шу экан, бори билан ғурурланишимиз керак. Фарзандларимизнинг хулқи, одоби туфайли бирини бағримизга босиб, бошқасининг кўкрагидан итармаймиз-ку? Борича, хислати-ю, қусури билан яхши кўрамиз. Давлатимиз рамзларига ҳам худди шундай муносабатда бўлишимиз шарт!” дейди Эркинжон Турдимов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эркинжон Турдимов Ўзбекистонда таълим тизимини ривожлантириш учун Американи очиш керак эмаслигини, фақат тартибни, талабни жойига қўйиб, шунинг ҳисобидан самарали натижага эришмоқчилигини айтган эди.
Live
Барчаси