Midweek: Нетаньяхуни “куйдираётган” Қатар пуллари, Франция сиёсатидаги “туркча рақс”, Афғонистонга қалқон бўлаётган Мирзиёев
Таҳлил
−
02 Апрель
7665БААда уч нафар ўзбекистонлик яҳудий раввинни ўлдирганликда айбдор деб топилган ҳолда қатлга ҳукм қилинди.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг ҳукумати хавф остида. Унинг маслаҳатчилари Қатарга сотилганлик айблови билан ҳибсга олинди. Тез орада навбат “Ғазо қассоби”нинг ўзига келиши мумкин.
Франция сиёсий даврасида “туркча мусиқа янграмоқда”. Париж суди худди Туркиядаги каби президентликка асосий номзодлардан бирига қамоқ жазоси тайинлади.
Ўзбекистон Президенти Тожикистондаги тарихий келишув ва Самарқандда ўтказилаётган муҳим халқаро саммит фонида “Euronews” нашрига интервью берди.
Нетаньяхуни “куйдираётган” Қатар пуллари
Аллақандайдир режимга айланиб улгурган Нетаньяху устида сўнгги пайтда қора булутлар пайдо бўлганди. Бугун бу булутлар анча қуюқлашди. Исроилда “Қатаргейт 2” дея аталаётган сиёсий можаро авж олди. Нетаньяхунинг одамлари Қатарга мўмайгина пул эвазига сотилгани гумон қилинмоқда. BBC хабарига кўра, сўнгги кунларда мамлакатда мазкур иш доирасида воқеалар анча қизиган. Хусусан, 31 март куни кечқурун ушбу иш бўйича Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Қайд этилишича, у Қуддусдаги идорасида оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими ходимлари олдида кўрсатма берган. Ҳозирча Нетаняьху бу ишда гумонланувчи эмас, балки оддий гувоҳ сифатида иштирок этмоқда. 31 март куни полиция унинг иккита асосий ёрдамчиси – Жонатан Урих ва Эли Фельдштейнни ҳибсга олган. Айнан улар асосий гумонланувчилар ҳисобланади. Исроил манбаларига кўра, Нетаньяху берган кўрсатмалар синчковлик билан таҳлил қилинади. Шундан сўнг Бош прокуратура Бош вазирнинг ушбу ишдаги мақомини ўзгартиришга асос борми ёки йўқ – шуни ҳал қилади. Кенг жамоатчилик орасида бу ишнинг “Қатаргейт 2” деб номланишининг сабаби эса амирликнинг яқин ўтмишдаги коррупсион “саргузаштлари”дир. Масалан, Европа Парламентида 2022 йил декабрь ойида бошланган сиёсий жанжалда қитъадаги қатор сиёсатчилар, лоббистлар, давлат хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларидан иборат гуруҳ Қатар, Марокаш ва Мавритания ҳукуматлари таъсирида бўлган ҳолда коррупция, пул ювиш ва уюшган жиноятчиликка алоқадор дея гумонланган. Якунда эса бу бўйича айрим масъуллар ўз айбига иқрор бўлган. Европарламент депутатлари деярли бир овоздан бу ишнинг энг тепасида турганлардан бири дея коррупцияда гумон қилинган спикер ўринбосари Ева Кайлининг ваколатлари муддатидан олдин тугатилишини ёқлаб чиқди.
“Бу Европарламент тарихидаги энг йирик деб аталаётган коррупция можароси – “Қатаргейт”нинг янги босқичидир”, деб ёзади “Politico”.
У футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини ташкиллаштиришда Қатар манфаатларига хизмат қилишда айбланган. Кайли чемпионат учун объектлар қурилишида ишлаган муҳожирлар ҳуқуқларининг мунтазам бузилиб келиши билан боғлиқ айбловлар фонида амирликка гард юқтирмасликни ўз зиммасига олгани айтилади. Кайлидан ташқари, ишнинг яна камида уч иштирокчисига нисбатан ҳам коррупция ва пул ювиш каби айбловлар қўйилган. Улар Ева Кайлининг шериги Франческо Жоржи, Европарламент собиқ депутати Пер Антонио Панцери, Халқаро касаба уюшмалари федерацияси бош котиби Лука Висентинилар эди. Умумий ҳисобда эса “Қатаргейт” бўйича ўн киши обдан текширилган. Бу жараёнлар ишнинг умумий картинаси эди. Умуман олганда эса, сўнгги йилларда Қатар ўзининг юқори миқдордаги шов-шувли коррупцион схемалари ва халқаро майдондаги имижи борасида олиб борган шубҳали ҳаракатлари билан дунё ҳамжамиятини лол қолдириб келмоқда. Аслида 2022 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг энг мавсум учун энг ноқулай пайтда бўлишига қарамай, қиш куз охири ва қиш кунлари Қатарда ўтказилишининг ўзи кўп нарсадан дарак беради. FIFA клублар ёки терма жамоанинг манфаатларини четга сурган ҳолда, неча йиллардан буён бир текисда бузилмай келаётган ўзгармас тақвимни четга сурганининг ўзи ажабланарли эди.
Бугун эса шунга ўхшаш ғавғолар бир ярим йилдан буён инсоният тарихидаги энг қонли қирғинлардан бирини олиб бораётган яҳудий давлати билан содир бўлмоқда. Бу жиноятнинг ташкилотчиларидан бири бўлган Нетаньяхуга яқин одамлар айни дамда Доҳада рўйхатдан ўтган халқаро фирма орқали Қатар манфаатларини мамлакат ичида илгари сурган бўлиши мумкинлиги айтиляпти. Терговга кўра, мазкур ишнинг энг юқорисида Эли Фелдьштейн турган. У Доҳада рўйхатдан ўтган халқаро фирма орқали олинган пулларни Исроил матбуотида Қатар имижини яхшиловчи материаллар тарқатиш ва амирликнинг бизнес лойиҳаларини Исроил инвесторларига жозибали кўрсатишга сарфлаган. Орадан бироз вақт ўтиб, бу жиноий схемага Бош вазирнинг бошқа юқори мартабали маслаҳатчиси Жонатан Урих ҳам жалб қилинган. Улар 31 март куни ҳибсга олинган. Жорий йилнинг март ойида полиция Фелдштейн ва Урихни хорижий агентлар билан алоқалар, фирибгарлик, пул ювиш ва порахўрликда гумон қилиб сўроқ қилган. Суд махфий маълумотларни ошкор этишни тақиқлагани учун бошқа тафсилотлар номаълум. Урих ва Фелдьштейн билан бир қаторда, ушбу иш доирасида Нетаньяхунинг “Ликуд” партияси сайловолди кампаниясининг собиқ бош маслаҳатчиси Исроил Эйнхорн ҳам тергов қилинмоқда. Терговга туртки бўлган нарса эса исроиллик тадбиркор Гил Биргер томонидан эълон қилинган ёзувлар эди. Унинг сўзларига кўра, у Фелдьштейнга Қатар ҳукумати лоббисти орқали пул ўтказишда ёрдам берган. Бош прокуратура айнан шу маълумот асосида терговни бошлаб юборган. Бу иш доирасида бир нечта журналистлар ҳам сўроқ қилинган. Улардан бири Қатарнинг лоббистлари билан тўғридан тўғри алоқада бўлганликда гумон қилинмоқда.
Бироқ ушбу можаро қизиган пайтда Нетаньяху ва унинг атрофидагилар барча айбловларни рад этяпти. Улар жим тура олишмаяпти ва айни дамда жуда безовта ҳам. Чунки “Ғазо қассоби” терговни тўхтатиш учун қўлдан келганча ҳаракат қиляпти. Жумладан, 21 март куни у Исроил контрразведкаси раҳбари Ронен Барни ишдан бўшатди. Бундай қарорга эса ўз-ўзидан келинмагани аниқ. Сабаб шуки, ҳозирда айнан контрразведка Нетаньяху маслаҳатчиларининг Қатар билан қай даражада “ош-қатиқ” бўлганини текширяпти. Бундай шароитда эса айнан шу тузилманинг раҳбарини йўлдан олиш “чўкаётганда хасга таяниш”дан бошқа нарса эмас. Бироқ Нетаньяху контрразведка раҳбари Ронен Барнинг ишдан бўшатилишини 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумининг олдини ололмагани ва ишончни йўқотгани билан боғлиқ деб эълон қилди. Аммо у “чучварани хом санаган кўринади. Чунки Исроил Олий суди сиёсий мотивга эгалиги аниқ ва равшан бўлиб турган бу қарорни бекор қилди. Нетаньяху эса аллақачон контрразведканинг ҳозирча фақат ўзи учун “қонуний” бўлган янги раҳбарини эълон қилган. Бу эса бугун яҳудий давлати бошқарувида анчайин жиддий дисбаланс борлигидан далолатдир. Бу ҳам етмагандек, Бош прокурор Гали Бахарав-Миарани ишдан четлатиш жараёни эса янада катта жанжалга сабаб бўлди. Шубҳа-гумонларни ҳаддан зиёд орттирган жиҳат шуки, айнан Бахарав-Миара шу йилнинг февраль ойи охирида “Шин-Бет” ва полицияга “Қатаргейт 2” бўйича тергов бошлашни топширган эди. Юқорида таъкидланганидек, Нетаньяху айни дамда хасга ҳам ёпишмоқда. У ва унинг атрофидагилар вазиятдан чиқиш йўлларини ахтаряпти. Бироқ у учун энди йўл эмас, балки фақат тор, тиқилинч ва қоронғи йўлакларгина қолган бўлиши мумкин.
Францияга кўчган “туркча сценарий”
Мазкур ҳафта бошида Туркияда давом этаётган сиёсий можаронинг французча версияси авж олди. Яқиндагина Туркияда президентликка асосий номзодлардан бири бўлган мухолифат аъзосининг қамалишини “хавотир” билан қарши олган Франциянинг ўзида ҳам энди шундай ҳолат. Париж суди мамлакатдаги ўта ўнг “Миллий бирлашув” партияси етакчиси, амалдаги президент Эммануэль Макроннинг энг асосий рақиби бўлиб келган Марин Ле Пенни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди. Шундан икки йили шартли, қолган икки йил давомида у электрон билагузук тақиши керак бўлади. Бундан ташқари, унга 5 йил давлат лавозимларида ишлаш тақиқланди. Охирги санкция суд қарори эълон қилингандан сўнг дарҳол кучга киради. Буни Ле Пеннинг апелляция аризасини топшириши ҳам тўхтатиб қололмайди. У билан бир қаторда “Миллий бирлашув” партиясининг яна саккиз нафар аъзоси талон-торож иши бўйича айбдор деб топилган. Бу ишнинг тарихи эса жуда узун ва у бўйича олиб борилган терговнинг таги нақд 2015 йилга бориб тақалади. Ле Пенга чиқарилган ҳукм эса асосан ўтган йилги ҳаракатларда акс этоганди. Жумладан, 30 сентябрь куни Париж жиноий судида Марин Ле Пен бошчилигидаги Франциянинг ўта ўнгчи “Миллий бирлик” раҳбариятига нисбатан суд жараёни бошланди. Ле Пен ва бошқа 20 дан ортиқ партия вакиллари Европа Иттифоқи маблағларини ўзлаштирганликда ва Европарламент депутатларининг ёрдамчиларини ёллаш орқали партияни яширинча молиялаштирганликда айбланаётганди. Ушбу айблов учун Ле Пен максимум ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди. Умумий зарар эса деярли 7 миллион еврога баҳоланган. Айблов хулосасига кўра, Ле Пен партиясидан Европарламент депутатларига ёрдамчи сифатида ёлланган одамлар аслида Европа Иттифоқидаги вакиллари учун эмас, балки шахсан Ле Пен ёки унинг партияси учун ишлаган. Гап шундаки, Терри Легенинг “ёрдамчилари” дан бири партия асосчиси Жан-Мари Ле Пеннинг қарийб йигирма йил давомида қўриқчиси бўлган, кейин у Марин Ле Пенни ҳам қўриқлаган.
Шу тариқа 13 ноябрга келиб, Париж прокуратураси ултра ўнгчи “Миллий бирлик” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Марин Ле Пенни Европарламент маблағларини нотўғри йўналтирганликда айблаб, беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради. Прокурорлар партияни икки миллион евро жаримага тортишни ҳам истаганди. Ле Пеннинг ўзи эса ўшанда прокурорларни “французларни ўзлари хоҳлаган кишига овоз бериш имкониятидан маҳрум қилиш”да айблади. Бугунга келиб ниҳоят узоқ йиллик иш якунланди, Ле Пенга нисбатан тегишли ҳукм ҳам чиқди. Аммо юқорида таъкидланганидек, Туркияда рўй бераётган ички сиёсий можаронинг нусхаси эндиликда Францияда ҳам пайдо бўлди. Чунки тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва беш йилга давлат лавозимларида ишлаш тақиқланган Марин Ле Пен суд қарорига қарамай, Франция президентлигига номзодини қўйиш ниятида. 31 март куни миллатчи сиёсатчи Франция телеканалларидан бирига берган интервьюсида ўзининг жангчи экани ва уни йўқ қилишларига йўл қўймаслигини таъкидлади. Суҳбат давомида у “ҳеч қандай шароитда” сиёсатни тарк этмаслигини ҳам айтган. Марин Ле Пен суд қарорини сиёсий ва ноқонуний деб ҳисобламоқда. У худди Туркиядаги мухолифатчилар каби “суд авторитар усуллардан фойдаланяпти”, дея жар солди.
Шу ўринда Ле Пен хонимнинг сўнгги йиллардаги сиёсий фаолиятига қисқача тўхталиб ўтсак. Тан олиб айтиш жоизки, у охирги президентлик сайловларида асосий фаворитлардан бири бўлди. Хусусан, 2022 йилги сайловларда у биринчи турда 23,15 фоиз овоз олган. “Миллий бирлик” партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган ўнгчи сиёсатчи ўша сайловнинг иккинчи турида мамлакатнинг амалдаги Президенти Эммануэль Макронга қарши курашиб, 41 фоиздан бироз кўпроқ овоз тўплаган ҳолда мағлуб бўлганди. Бироқ айни пайтдаги оммавий сўровларга кўра эса, Ле Пеннинг имкониятлари Франциядаги президентлик пойгасида жуда юқори. Жумладан, март ойи охирида Франция жамоатчилик фикри институти томонидан ўтказилган тадқиқот унинг рейтингини 37% гача баҳолаган. Мамлакат ташқарисида ҳам уни ҳукуматлар даражасида қўллаётганлар етарлича. Масалан, суд ҳукмидан кейин Италия Бош вазири ўринбосари Маттео Салвини, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Нидерландиянинг ўнг қанот “Озодлик” партияси раҳбари Герт Вилдерс Марин Ле Пенни қўллаб-қувватлашини билдирган. Юқорида номлари келтирилганларнинг аксари ўнг ҳукумат вакиллари экани ҳисобга олинса, тез орада бу ҳукмга Европадаги миллатчи партияларни жон-жаҳди билан ҳимоя қилишга уринаётган Трамп маъмурияти ҳам ўз эътирозларини билдириб ўтса ажаб эмас.
Мирзиёевнинг интервьюси
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев дунёнинг нуфузли ОАВларидан бири ҳисобланадиган “Euronews”га эксклюзив интервью берди. Давлат раҳбари кўплаб мамлакатлар “Толибон” муваққат ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан ўзини тийиб турган бир пайтда Ўзбекистон жанубий қўшниси билан фаол алоқаларни давом эттираётганининг сабабларини очиқлади.
“Биз ҳеч қачон қўшнимиздан юз ўгирмаганмиз, у билан алоқаларни узмаганмиз. Биз қўшни давлатлар, жумладан, унинг яқин ва энг муҳим ҳамкори сифатида Ўзбекистон билан конструктив ҳамкорлик қилмасдан Афғонистонни ривожлантириш имконсиз, деган фикрга доим ишониб келганмиз”, деди Президент.
Мирзиёев Афғонистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватламаганларнинг кўпчилиги бугун унинг тўғрилиги, муқобили йўқлигини тан олишга мажбур бўлаётганини таъкидлади. У шунингдек, “Толибон”дан олдинги Ашраф Ғани бошчилигидаги маъмурият мамлакатни бошқаришга яроқсизлиги ва бир кун келиб қулаши олдиндан маълум бўлганини айтди.
“Афғонистондаги аввалги тузум бир қатор сабабларга кўра ҳокимиятни сақлаб қололмаслигига амин эдик. Бу сабаблар қаторида аввалги ҳокимиятнинг мамлакат ҳудудини тўлиқ назорат қилишга қобилсизлиги, мухолифат билан мулоқотга тайёр бўлмагани, инклюзив ҳукуматни шакллантиришга интилмагани ва давлат бошқарувининг барча даражаларида коррупция авж олганини келтириш мумкин”, деди у.
Ўзбекистон етакчиси ҳозирги раҳбарият Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга, ўз ресурсларини аэропортлар, ички темирйўл тармоқлари, сув-энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва кўкнор майдонларини қисқартиришга йўналтираётганини таъкидлаган. БМТ маълумотларига кўра, “Толибон” 2023 йилда гиёҳванд моддалар савдосини тақиқлаганидан сўнг, Афғонистонда кўкнор етиштириладиган ерлар 95 фоизга камайган. Президент Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Афғонистонда кўкнордан холи келажак барпо этиш мақсадида қишлоқ аҳолисига ёрдам кўрсатилмоқда, қишлоқ хўжалигининг муқобил йўналишлари ривожлантириляпти. Шунингдек, у Ўзбекистон Афғонистонга нафақат мавжуд инқироздан чиқиш, балки узоқ муддатли ривожланиш имконини берадиган ижобий кун тартиби ва ташаббусларни илгари суриш учун Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирди. Ўзбекистон Президенти ҳозирда биринчи галдаги вазифа – Афғонистонга таълим соҳасида ёрдам беришни давом эттириш эканини ҳам қўшича қилган.
Масалан, 2023 йил 24 ноябрь куни Озарбайжон пойтахти Баку шаҳрида ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури доирасидаги саммитда халқаро ҳамжамиятни Афғонистондаги “Толибон” ҳукумати билан мулоқот ўрнатишга чақирганди. Озарбайжонда бўлиб ўтган ўша саммитда Мирзиёев Афғонистондан вакил иштирок этмаганига ижобий баҳо бермаганди. У бугунги Афғонистонни ўз муаммолари билан якка қолдириш мумкин эмаслиги, амалдаги ҳукумат билан халқаро мулоқот ўрнатилмаса, ҳеч қандай ўзгаришларга эришиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Шундан сўнг, орадан кўп ўтмай, аниқроғи 2024 йили февраль ойида Ўзбекистон Афғонистон элчихонасини “Толибон” дипломатларига топширган эди. Афғонистонни халқаро ва минтақавий доираларда қўллаб-қувватлаш кейинчалик ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Хусусан, ўтган йил 5-6 июль кунлари Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида ўтказилган Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитида Мирзиёев Ўзбекистон ўзининг жанубий чегарадоши бўлган Афғонистонни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Давлат раҳбари ўшанда Афғонистоннинг чет элда музлатилган активлари қайтарилиши лозимлигини ҳам қўшимча қилганди. Август ойида эса Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Қобул шаҳрига борди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ҳамда “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбарияти ўртасида 5 та шартнома имзоланди. Жорий йил 22 февраль куни эса Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов “Толибон” муваққат ҳукуматининг бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдулғани Бародар билан икки томонлама музокаралар ўтказганди.
Дор остидаги уч ўзбек
БААда 3 нафар Ўзбекистон фуқароси яҳудий раввинни ўлдирганликда айбланиб, қатлга ҳукм қилинди. Ўзбекистон ТИВ ҳам QALAMPIR.UZ сўровига жавобан буни тасдиқлади. Эсингизда бўлса, ўтган йил ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларида Исроил ва Молдова фуқароси бўлган раввин Цви Коганнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб, уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинганди. Шундан сўнг, 26 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ТИВ биносида Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан учрашди ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида яҳудий раввиннинг ўлдириб кетилгани юзасидан ҳамдардлик билдирди. Саидов терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқлигини айтиб, Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирганди. Иш юзасидан олиб борилган терговлардан сўнг, судланувчилар жабрланувчини кузатиб, ўлдирганини аниқлаган. Бу орада уларга ёрдам берган яна бир шахс борлиги маълум бўлган. Раввиннинг ўлимида айбланиб, қўлга олинган ўзбекистонликлар 28 ёшли Олимбой Тоҳирович ва Маҳмуджон Абдулраҳим ҳамда 33 ёшли Азизбек Комилович экани айтилган эди. Бироқ уларга ёрдам беришда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 4-судланувчининг шахси ва фуқаролиги очиқланмаган. Кейинчалик, жорий йил 25 ноябрда Бош прокурор Ҳамад Саиф Ал Шамси ушбу тўрт нафар айбланувчини судга олиб келишни буюрган. Билдирилишича, Давлат хавфсизлик прокуратураси томонидан судга тақдим этилган далиллар судланувчиларнинг қотиллик ва одам ўғирлаш жиноятларини батафсил тан олишлари, суд-тиббий экспертиза хулосалари, ўлимдан кейинги экспертиза хулосалари, жиноятда қўлланилган асбоблар тафсилотлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан иборат. Бирлашган Араб Амирликлари қонунчилигига кўра, ўлим жазоси ҳукмлари автоматик равишда апелляция қилинади ва кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Федерал Олий суднинг Жиноят ишлари бўлимига юборилади. Бош прокурор Сиаф Ал Шамсининг таъкидлашича, ҳукм Бирлашган Араб Амирликларининг терроризмга қарши курашда адолатнинг энг юқори стандартлари ва қонун устуворлиги ҳамда адолатли судлов кафолатларини таъминлаш борасидаги содиқ мажбуриятини акс эттиради. Унинг сўзларига кўра, БАА суд тизими миллий хавфсизлик ва барқарорликка путур етказишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қатъий қарши туради. Прокурор шунингдек, амирликда биргаликда яшаш ва бағрикенгликнинг глобал модели бўлиб, унинг қонунлари диний ва этник мансублигидан қатъи назар, барча аҳолини ҳимоя қилиши ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашини ҳам эслатиб ўтган.
LiveБарчаси