Эрон ҳам Ливия каби ядровий қуролдан маҳрум бўлиши мумкин – Нетаньяху

Олам

image

Исроил ва АҚШ Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак деган фикрга келди. Бу ҳақда яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаняхунинг Вашингтонга ташрифи якунлари бўйича эълон қилинган баёнотида сўз боради.

“Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигига келишиб олдик. Буни келишув орқали ҳал қилиш мумкин, лекин бу Ливия модели бўйича келишув бўлсагина: яъни улар кириб, ядровий иншоотларни портлатиб, жиҳозларни бутунлай демонтаж қилишади – Америка назорати остида ва АҚШ иштирокида. Бундай ҳолда, яхши. Иккинчи имконият – ҳеч қандай келишув бўлмайди. Шунда Эрон шунчаки вақтни чўзади ва бу ҳолда фақат ҳарбий имконият қолади. Буни ҳамма тушунади”, дейилади Исроил Бош вазири идораси томонидан эълон қилинган баёнотда.

Унинг сўзларига кўра, бу масала унинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан 7 апрель куни Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувида суҳбат мавзуларидан бири бўлган.

“Биз буни батафсил муҳокама қилдик”, деб таъкидлади Бош вазир.


Бу орада Эрон, Россия, Хитой Москвада ядровий масала бўйича экспертлар даражасида техник музокаралар ўтказди.

“Пекинда Ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари эришган келишувларга мувофиқ 8 апрель куни Москвада Эрон, Россия ва Хитой ўртасида эксперт ва техник даражадаги самарали ва конструктив учрашув бўлиб ўтди”, деб ёзди Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий Х ижтимоий тармоқдаги  саҳифасида.

Уч давлат эксперт делегацияларининг ядро муаммоси, санкцияларнинг бекор қилиниши ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2231-сонли резолюцияси билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида фикр ва таклифлар алмашганини ифода этган Ғарибободи томонларнинг уч томонлама яқин мувофиқлаштиришни давом эттиришга келишиб олганликларини қайд этди.

“Эрон дипломатияга бўлган принципиал мажбуриятига асосланиб, барча тегишли томонлар билан маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда”, деди вазир ўринбосари.

Экспертлар учрашуви ҳақидаги маълумотни Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, “Яқин Шарқдаги вазият, Эрон ядро дастури атрофидаги вазият кўп йиллар давомида халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлиб келган ва афсуски, вазият барқарорлашмаяпти”.

“Ғарбнинг ноконструктив позицияси туфайли у тобора ёмонлашиб бормоқда”, дея қўшимча қилди Захарова.

Маълумот учун, Ливия 1970 йилларда ядровий қуролга эга бўлишга интилган. 1980 йиллар бошида СССР иштирокида мамлакатда 10 МВт қувватга эга реакторли ядровий тадқиқот маркази қурилди.

2003 йилда Буюк Британия ва Қўшма Штатлар билан узоқ давом этган музокаралардан сўнг Ливиянинг ўша пайтдаги раҳбари Муаммар Қаддафий ўз мамлакати ядровий қурол ишлаб чиқаришдан воз кечишини эълон қилди, шундан сўнг Лондон ва Вашингтон Триполи билан муносабатларни нормаллаштирди.

Эслатиб ўтамиз, Оқ уйдаги Нетаньяху билан учрашувда  Президент Трамп 12 апрель куни Эрон билан Эроннинг ядровий дастури бўйича тўғридан тўғри музокаралар бошланиши кутилаётганини эълон қилиб, Теҳронни бу музокаралар натижа бермаса, катта хавфга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди. Кейинчалик Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан 12 апрель куни Уммонда бўлиб ўтадиган учрашувда асосий музокарачи сифатида иштирок этишини тасдиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Ливия Исроил Биньямин Нетаняху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг