Қашқадарёлик тадбиркор Президентга ўз фабрикасида ишлаб чиқарилган кийимни совға қилди (видео)
Жамият
−
16:08 1337 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги 54 миллион долларлик тўқимачилик фабрикаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жорий йил 13 мартда қабул қилинган қарор доирасида кластер томонидан мато ишлаб чиқариш ва бўяш фабрикаси ташкил этилган. Қиймати 54 миллион доллар бўлган лойиҳа натижасида йилига 20 минг тонна мато ишлаб чиқариш ва бўяш қувватига эга линиялар ишга туширилди. Фабрикада 840 та иш ўрни яратилган. Маҳсулотлар кўргазмаси давомида тадбиркор давлат раҳбарига шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилган кийимни тақдим этган.
Корхонада сув ва энергия сарфини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Қиймати 3 миллион доллар бўлган ёпиқ сув айланиши тизими ишлаб чиқаришда фойдаланилган сувнинг 95 фоиздан ортиғини тозалаб, қайта ишлатиш имконини беради. Бунинг ҳисобига йилига 1,1 миллион куб метр сув тежалади.
Фабрикани узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун газ генератори ўрнатилган. Бино томи ва деворларига умумий қуввати 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилган. Ушбу ечимлар электр энергияси, иссиқ сув ва буғ таъминотидаги харажатларни камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилади.
Келгусида кластер мазкур эркин иқтисодий зонада 70 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириб, 3 минг 570 та иш ўрни яратиши режалаштирилган. Вилоятнинг бошқа туманларидаги қиймати жами 17 миллион доллар бўлган лойиҳалар эса яна 1 минг 220 кишини иш билан таъминлаши кўзда тутилмоқда.
Давлат раҳбари фабрикадаги ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотлар кўргазмаси билан танишган. Бу ерда жорий қилинган ресурс тежамкор технологиялар бошқа тўқимачилик корхоналари учун намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Корхонада меҳнат қилаётган Дилором Холиёрова Президент билан суҳбатда иш ўрни ва яратилган шароитлардан мамнун эканини билдириб, кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик изҳор этган.
“Инсон меҳнат қилса, албатта, натижаси ҳам бошқача бўлади. Мана шу янги авлод тадбиркорларимиз билан ҳозир мутлақо бошқа даражага чиқяпмиз, улар нафақат қўшимча қиймат занжири яратяпти, балки “яшил” технологиялар билан экологияга ғамхўрлигини ҳам намоён этмоқда”, дейди Президент.
Live
Барчаси