Қашқадарёда “заправка” портлади (видео)
3-саҳифа
−
07 Октябрь
22834Бугун, 7 октябрь куни соат 15:45 да Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Билдирилишича, Қарши тумани “Дашт” МФЙ ҳудудидан ўтувчи, “Ғузор-Қарши” автомобиль йўлида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида “Камаз-512” русумли автомобилидан газ сақлаш ёмкостига газ қуйиш вақтида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш оқибатида ёнғин юзага келган.
Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 15:56 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 16:00 да ўраб олинган ва соат 16:45 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида шаҳобча биносининг 22 квадрат метр майдонда том қисми ёниб зарарланган.
Қайд этилишича, ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбар ходимлари чиққан.