Қашқадарёда яроқсиз ёғ ишлаб чиқараётган шахслар ушланди
3-саҳифа
−
12 Август
3086Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз ҳамда Ғузор туманларида истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар ва Ғузор туман бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаро Ф.Н. Шаҳрисабз тумани “Хонтепа” МФЙ ҳудудида жойлашган бинода ва фуқаро Ҳ.Н. Ғузор тумани “Эскибоғ” МФЙда жойлашган яшаш хонадонининг ёрдамчи хўжалигида яширин цехлар ташкил этиб, ноқонуний ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.
Ушбу цехлардан 211 литр истеъмолга яроқсиз ёғ, 146 кг чигит, 3 дона жувоз ускунаси ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистондан 1,6 млрд сўмлик дорини ноқонуний олиб ўтганлар қамалгани ҳақида хабар берилганди.
Мафтуна Мадаминова