Қашқадарёда ўқувчини калтаклаган ўқитувчига нисбатан жиноят иши очилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида мактаб ўқувчиси ўқитувчи томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси буни тасдиқлади.

Билдирилишича, Китоб тумани “Анорзор” МФЙ, Шатри қишлоғида яшовчи вояга етмаган Ш.Қ. (ўқувчи) туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.

Унда баён қилинишича, воқеа Китоб туманида жойлашган 55-сонли мактабда 2023 йилнинг 22 декабрь куни содир бўлган. Аризачига кўра, соат 10:30 лар атрофида информатика дарсида ўтирган вақтида ўқитувчи бошқа бир ўқувчини ҳақорат қилган. Ўшанда Ш.Қ. “устоз ҳаммани олдида тўғри иш қилмадингиз” деб, ўқитувчига танбеҳ берган.

Шундан сўнг, ўқитувчи П. З. ва П. Ж. аризачини ҳақорат қилиб, уриб тан жароҳати етказган. Ўқувчи ўқитувчиси ва бошқаларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб, мурожаат қилган.

Китоб туман Тиббиёт бирлашмаси ШТБЁнинг 8662/1458-сонли маълумотномасида ҳам ўқувчида бош мия чайқалиши, бошнинг юқори тепа юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, бурун соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши кўринишидаги тан жароҳатлари аниқлангани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси якуний хулосасига асосан мактаб маъмуриятининг айрим ходимларига нисбатан интизомий чора қўлланилиши мумкинлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 15 декабрь куни Наманган вилояти Чуст туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабида директор ўринбосари дарс вақтида сабабсиз ўқув машғулотларига қатнашмаётганлиги важи билан мактаб ўқувчиларини калтаклаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят Қашқадарё ўқитувчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг