Қашқадарёда туман ҳокимлари қабул қилган 19 та ҳужжат қонунга зид экани аниқланди
3-саҳифа
−
02 Август
4711Қашқадарё вилоятидаги 4 та туман ҳокимликлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йилнинг 6 ойи давомида туман ҳокимликлари ва давлат бошқарув органларининг вилоят таркибий бўлинмаларида “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари юзасидан жами 10 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатлар юзасидан ўрганишлар олиб борилган.
Мазкур ўрганишлар жараёнида Нишон, Шаҳрисабз, Ғузор ва Муборак туман ҳокимликларида 19 та ҳолатда товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситилишига олиб келувчи норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатларни қабул қилиниши натижасида “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 12, 22-моддаларида белгиланган айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шарт-шароитлар яратиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
“Юқоридаги ўрганиш натижаларига кўра, 4 та туман ҳокимларининг тегишли қарорлари “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқлаштирилди ҳамда туман ҳокимликларига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик юзасидан тақдимномалар киритилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятидаги 10 та туман ҳокимликларининг қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларига зид экани аниқланганди.
LiveБарчаси