Қашқадарёда маст ҳайдовчи ички ишлар ходимини пичоқлади

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида Lacetti автомобили ҳайдовчиси маст ҳолатда Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳодисага аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланди.

Маълум қилинишича, ҳодиса кеча, 8 июль куни соат тахминан 19:00 атрофида содир бўлган. Кўкдала тумани ИИБ тезкор ходими туманнинг Тоқчи қишлоғи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида Lacetti автомашинаси юқори тезликда ҳаракат иштирокчиларига хавф солган ҳолда ҳаракатланиб кетаётганини аниқлаб, чора кўриш мақсадида зудлик билан туман ЙҲХБга хабар берган.

Шу йўналишда хизмат олиб бораётган туман ИИБ ЙҲХБ инспектори, катта сержант Элбек Примов томонидан мазкур транспорт воситаси тўхтатилиб, текшириш жараёнида ҳайдовчи 1966 йилда туғилган фуқаро С.Б. маст эканлиги аён бўлиши билан, у транспорт воситасидан тушиб қочишга уринган. Ҳайдовчи таъқиб қилган инспектор билан олишиб, ёнида бўлган ўткир тиғли жисм (ошхона пичоғи) билан бир неча бор уриб, жароҳат етказган ҳамда воқеа жойидан яширинган.

Қорин олд қисмига ва чап қўл тирсагига етказилган оғир жароҳатлар туфайли катта сержант Элбек Примов кўп қон йўқотган. Тиббиёт бўлимига етказилган Примов кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вафот этган.

Амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят содир этган фуқаро Кўкдала тумани ҳудудида ҳибсга олинган.

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми ва 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Кўкдала туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Шунингдек, хизмат бурчини бажариш вақтида халок бўлган ходимнинг оиласи ва яқинларига кўмак бериш ҳамда вафот этган ходимнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё инспектор маст ҳайдовчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made