Қамалганлар оиласига қўйилган тамға 

Таҳлил

Яқинларингиз орасида билиб-билмай жиноят содир этиб қамалганлар борми? “Оиласида қамалган одам бор” деган тамға билан яшаганлар-чи? Бекорга буни "тамға" деб атаётганимиз йўқ. 2017 йилгача Ўзбекистонда жиноят содир этиб, қамалганларнинг ўзига ҳукм ўқилгани етмагандек, ота-онаси, фарзандлари, ака-укаси, ҳатто, қайнона-қайнотаси ҳам жамиятдан четлаштирилар, уларни ҳамма бармоғи билан кўрсатарди? Хўш, нега? Чунки давлатнинг ўзи бунга йўл очиб берганди. 

Қариндошинг бирор жиноят содир этдими, тамом, у билан алоқанг борми ё йўқ, қариндош ўлароқ ойда-йилда бир кўришсанг, кўришмасанг сени ҳам “кунинг битди” дегани эди бу. Ишдан бўшатилганинг, тузукроқ ишга кира олмаганинг етмагандек, яшайдиган маҳалланг ё туманингда бирор жиноят содир этилса, биринчи гумондор сен бўлардинг. Бу камситишлар, четлаштиришлар ўша қариндошинг қамалиб чиқса ҳам сени тарк этмасди. Биз бу кунларни бирга кўрдик. Ё унутдингизми? 

Ҳар сафар Тошкентнинг Амир Темур хиёбони ёнидаги Халқаро анжуманлар саройи олдидан ўтганимда 2011-йиллар ёдимга тушади. Талаба эдик. Айнан анжуманлар саройида катта халқаро форум бўлиши айтилди. Тадбирга борадиган талабалар рўйхати шакллантирилди. Очилганига кўп бўлмаган бинога киришни ҳаммамиздан ҳам кўпроқ кутаётган курсдошим, афсуски, рўйхатдан тушиб қолди. Унга амакиси қамалгани учун халқаро тадбирда қатнаша олмаслиги айтилди. Тасаввур қиляпсизми, у яқин қариндоши қамалгани учун ўз ватанида тадбирга киритилмаган. Ўшанда бундай адолатсизликларга шу қадар ўрганиб кетгандикки, уларнинг ҳеч бири бизга эриш туюлмаган, аксинча, ҳамма қатори қариндоши қамалганларга ола қарашда давом этганмиз.  

Қарийб 65 фоизга ўзгараётган Конституциявий қонун лойиҳасини ўқирканман 28-модда эътиборимни тортди.

“Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.

Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”, дейилади 28-моддада.

Бир қарашда модда айбланувчи ёки судланувчини ҳуқуқларини бузмаслик ҳақида. Моддадаги “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас” дейилган қисми нафақат судланувчининг балки унинг оила аъзолари ҳуқуқини топтамасликка ишора қилади.

Бу моддадан билиш мумкинки, турмуш ўртоғи ёки отасининг судлангани оиланинг у ёки бу аъзолари ҳаётига дахлдор бўлмайди ва ҳалал бермайди. Аслида эса орамизда бу муаммони бошидан ўтказиб қанча авлод улғайди. Қанчадан қанча йигитлар қўлида дипломи, ҳарбий гувоҳномаси бўла туриб, ишга қабул қилинмай, ўзини киракашликка урди ёки Ватандан бош олиб кетди. 28-модда улар қидираётган адолат овози эмасми? 

Булар ҳақида биз эмас, одамлар гапирсин. QALAMPIR.UZ пойтахт кўчаларида бўлиб, одамлар билан мулоқот қилди.

“Мени тоғам Юридик университетга ҳужжат топширганлар. Афсуски, имтиҳонлар муваффақиятли ўтишларига қарамай, амакилар қамалгани учун асоссиз равишда ўқишдан четлаштирилгандилар. Конституцияга киритилаётган ўзгариш билими бор юристларнинг йўлини очиб беради”, дейди респондентлардан бири

QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган бир аёл ўз бошидан ўтганларини гапирар экан, турмуш ўртоғи қамалгани учун ҳатто ишга жойлаша олмаганини эслади. 

“Турмуш ўртоғим қамалган. Яхшироқ ишда ишлашим учун оиламда қамалган одам борлиги доим ҳалал берган. Сиз яхши мутахассис бўлишингиз учун оилангизда қамалган одам борлиги сиз ёки фарзандларингиз ҳаётида тамға бўлиши жуда ачинарли. Ҳар бир одам ўзи учун жавоб бериши керак. Конституцияга киритилаётган ўзгаришни ўқиб жуда қувондим”. 

QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги отаси, акаси, амакиси ёки бошқа бир қариндоши қамалгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органда ишлай олмаганини айтди. 

“Қариндошлари орасида қамалганлар бўлса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ишга кириш масаласида тўсқинликлар бор эди. Ҳар бир одам ўзи учун жавоб бериши керак. Турмуш ўртоғимнинг укалари қамалгани учун уларни ички ишлар ходими бўлиб ишлашларига тўсқинликлар бўлган. Энди бу муаммонинг ечими айнан конституцияда мустаҳкамланиши жуда яхши”.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан фақатгина жиноят содир этган шахс якка тартибда жавобгар бўлиши, жазо ва бу жазодан келиб чиқадиган оқибатлар унинг қариндошларига нисбатан қўлланилмаслиги кераклиги, бу шахсларни ҳар қандай шаклда камситиш учун асос бўлмаслиги тўғрисидаги қоида мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Шахс қариндошларининг судланганлиги туфайли камситилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги қоиданинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши фуқароларга нисбатан бундай эскирган тақиқларга барҳам беради ҳамда ҳар бир шахснинг қонун ва жамият олдида тенглиги тамойилини реал таъминлаш кафолати бўлиб хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлиси Сенати Конституцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Референдум, шу йилнинг 30 апрель – якшанба куни ўтказилиши белгиланди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Конституция Қамалганлар тамға

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made