“Қабул қилинмаса, зарба берамиз”. Трамп Эронга муҳим шарт қўйди
Олам
−
10:22 13138 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ядровий келишувни қабул қилмаса, Теҳронга қарши ҳарбий зарба берилиши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида баёнот берди.
Трамп Эронни имкон қадар тез музокаралар столига ўтириб, ядровий қуролсиз, адолатли ва тенг ҳуқуқли битим тузишга чақирган. Унинг сўзларига кўра, вақт тугаб бормоқда ва агар келишувга эришилмаса, кейинги зарба 2025 йилнинг июнида ўтказилган “Ярим тун болғаси” операцияси доирасидаги ҳужумлардан ҳам кучлироқ бўлади. Ўша пайтда АҚШ ҳаво ва денгиз кучлари Эроннинг ядровий объектларига зарба берган эди.
Шунингдек, Трамп минтақага USS Abraham Lincoln авиаташувчиси бошчилигидаги “улкан флот” йўналтирилаётганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, бу флот Венесуэлага юборилган кучлардан ҳам каттароқ бўлиб, зарурат туғилганда куч ишлатишга тайёр.
ОАВ хабарларига кўра, Трамп Эрон бўйича янги ҳарбий вариантларни кўриб чиқмоқда. CNN ва “Reuters” манбаларга таяниб ёзишича, муҳокама қилинаётган вариантлар орасида Эрон раҳбарияти ва хавфсизлик кучлари вакилларига, шунингдек ядровий объектлар ва давлат муассасаларига зарба бериш эҳтимоли ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Яқин Шарқ минтақасида Agile Spartan номли кўп кунлик ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Машғулотлардан кўзланган мақсад – АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги масъул ҳудудида кучларни тезкор жойлаштириш ва жанговар ҳаракатлар олиб бориш имкониятларини намойиш этишдир.
Шу билан бирга, бу машғулотларнинг давоми Эронга зарба йўллаш билан якунланади, деган сценарий ҳам йўқ эмас. Трамп дастлаб буни инкор этган бўлса-да, кейинчалик ҳаммаси ўзининг қўлида эканлиги ва Эрон ҳокимиятини алмаштириш вақти келганини кўп бора таъкидлади.
Live
Барчаси