Қабристонда пандемия даврига оид жасадлар солинган қоплар топилди (видео)
Олам
−
11:56 5110 4 дақиқа
Руминиянинг Слатина шаҳридаги Стрэҳэрец қабристонида COVID-19 пандемияси даврига тегишли, чиримаган жасадлар солинган яширин қоплар топилди. Бу ҳақда Слатина шаҳар ҳокими Марио Де Меццо матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, қабристонда таъмирлаш ва қабр қазиш ишлари олиб борилаётганда ишчилар инсон суякларини аниқлаган ва бу ҳақда полицияга хабар берган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қазиш ишларини давом эттирган.
“Юзлаб инсон суяклари топилди ва уларни Олт округи полицияси тергов учун олиб кетди. Бироқ ўта жиддий жиҳат шундаки, қазиш ишлари давомида COVID даврига тегишли чиримаган жасадлар солинган қоплар ҳам топилди. Уларда дафн санаси кўрсатилган, бу қоплар пандемия даврида ишлатилган махсус қоплар бўлган”, деган Марио Де Меццо.
Ҳокимнинг таъкидлашича, пандемия даврида жасадларни дафн этиш учун махсус тартиб амал қилган. Унинг айтишича, агар дафн жойи фойдаланилмаётган бўлса, қабристон маъмурияти у ердан топилган суякларни бошқа жойга ёки умумий қабрга эмас, айнан ўша жойда махсус тайёрланган бўшлиққа қайта дафн этиши керак.
“Қабристондан фойдаланиш ва уни бошқариш қоидаларида бу жуда аниқ ёзилган. Агар ташлаб қўйилган дафн жойларида суяклар топилса, компания уларни ўша жойда махсус тайёрланган бўшлиқларга дафн қилиши шарт. Қоидаларда умумий қабр қазиш кераклиги эмас, балки суякларни ўша жойдаги махсус бўшлиқларга дафн этиш мажбурияти белгиланган”, деган у.
Де Меццо бир неча йил олдин содир бўлган яна бир ҳолатни ҳам тилга олган. Унинг айтишича, қабристоннинг собиқ хусусий маъмури дафн қилиниши керак бўлган инсон жасади солинган тобутни арра билан кесиб, уни қабрга сиғдирган.
“Энг ёрқин мисоллардан бири – собиқ маъмур арра билан келиб, оила аъзолари олдида тобутни кесган ва “энди солинглар, ҳозир сиғади” деган. Бу ерда гап энди шафқатсизлик ёки ғайриинсонийлик ҳақида эмас, балки менингча, бу дунёда, эҳтимол, энг ёввойи жойларни ҳисобга олмаганда, бунга ўхшаш ҳолат ёки тенг келадигани йўқ нарсалар ҳақида кетмоқда”, деган шаҳар ҳокими.
Унинг сўзларига кўра, бир неча суд жараёнларидан кейин шаҳар маъмурияти қабристонни хусусий оператордан қайтариб олган.
Де Меццо умумий қабр топилган жойга яқин ҳудудда худди шундай яна бир қабр борлигини билдирган. Унинг айтишича, иккала крипта ҳам яқинда қурилган ва биринчи крипта остида инсон суяклари топилганидан кейин иккинчи крипта остида ҳам қазиш ишларини олиб боришни прокуратура ва полициядан сўраган.
“Мен прокуратура ва Олт округи полициясидан иккинчи крипта остида ҳам қазиш ишларини олиб боришни сўрадим. Менга буни амалга ошириш учун етарлича аниқ далиллар йўқлиги айтилди. Нима? Суяклар ўзлари ер юзига чиқиб, “биз шу ердамиз” деб айтиши керакми? Агар 50 сантиметр чуқурликда юзлаб инсон суяклари солинган ўнлаб қоплар топилса, қандай қилиб етарлича асос йўқ дейиш мумкин? Бу аномалия”, деган Де Меццо.
Ҳоким терговчиларни ишни сусткашлик билан олиб бораётганликда танқид қилган ва уларни ишни бажариб, воқеа ҳақиқатини аниқлашга чақирган.
“Агар оғирлик даражаси бўйича худди шундай вазиятда айбланувчи мен бўлганимда, қўлларимга кишан тақилиб, бутун мамлакатга кўрсатилган бўлардим, деб кафолат бераман. Бугун прокуратура ва Олт полиция инспекторати тошбақа тезлигида ҳаракат қилмоқда ва Слатина шаҳар маъмуриятининг қонуний сўровларини рад этмоқда”, деган у.
Де Меццо ҳозиргача ушбу жиноий иш бўйича ҳеч ким сўроқ қилинмаганини, ҳатто қабристонни бошқарган компания маъмури ҳам чақирилиб, қилган ишлари ҳақида тушунтириш бермаганини таъкидлаган.
“Бир ҳафта ўтди ва бу иш бўйича ҳеч ким сўроқ қилинмади. Ҳеч ким. Нимани кутяпмиз? Ҳужжатлар йўқ қилинишиними? Уларга керак бўлган тарзда ўзгартирилишиними? Олт округи полиция инспекторати ва прокуратурадан ўз ишини бажаришини сўрайман ва талаб қиламан”, деган шаҳар ҳокими.
Қайд этилишича, инсон суяклари солинган бир нечта қоп жорий йилнинг 16 сентябрь куни дафн ишлари билан боғлиқ қазиш ишларини олиб бораётган ходимлар томонидан топилган. Де Меццо икки ҳафта олдин суд ижрочиси ёрдамида қабристондан чиқарилган собиқ хусусий маъмурни айрим қабр жойларини бўшатиш учун инсон қолдиқларини олиб ташлаганликда айблаган.
Суд манбаларига кўра, 16 сентябрь куни мазкур крипта остидаги қабрдан олти қоп суяк олиб чиқилган. 18 сентябрь куни эса худди шу жойдан яна 13 қоп суяк топилган.
Шаҳарнинг энг йирик қабристони ҳисобланган Стрэҳэрец 16 йил олдин Слатина шаҳар маъмурияти томонидан хусусий компанияга бошқарув учун берилган эди. Сўнгги йилларда қабристонни бошқариш тартиби ва компания томонидан ундирилаётган тўловлар юзасидан аҳоли шикоятлари кўпайган.
Шу сабабли шаҳар маъмурияти икки йил олдин хусусий компания билан шартномани бекор қилиш ва қабристонни яна шаҳар маъмурияти тасарруфига қайтариш жараёнини бошлаган.
Live
БарчасиПутин Тўқаев билан ҳам телефонлашди
21 сентябр
Қашқадарёда 2300 йиллик оссуарий топилди
21 сентябр