Қаҳратон қиш Японияда ҳам ўз қаҳрини кўрсатмоқда
Олам
−
25 Январь 2023
10804Аввал хабар берганимиздек, об-ҳавонинг пасайиши Хитойда рекорд даражага чиққан эди.
Эндиликда Япония ҳам мавсумнинг энг қаттиқ совуғи билан курашишга мажбур бўлмоқда. Мамлакатда поездлар ва транспорт воситалари қотиб қолган. Қишки бўронлар олиб келган қийинчиликлар инсонлар ўлимига ҳам сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда “Japan Today” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Япониянинг айрим ҳудудларида рекорд даражадаги совуқ ҳарорат кузатилган. Япон денгизи ва Тинч океани соҳилидаги пасттекисликларга қор ёғиши ортидан об-ҳаво агентлиги инсонларни денгизлар ва музли йўллардан фойдаланишда огоҳликка чақирган.
Шунингдек, Япониянинг ғарбий қисмидаги Киото ва Шига префектураларида маҳаллий поезд хизматларидан фойдаланаётган минглаб одамлар об-ҳавонинг кескин совуши оқибатида бир кеча-кундуз вагонлар ёки стансияларда қолишга мажбур бўлган.
Ноқулай об-ҳаво шароитлари сабаб Оита префектурасида бир нафар, Окаяма префектурасида икки нафар ва Ниигата префектурасида яна икки нафар шахс ҳалок бўлган.
Япония метеорология агентлиги эса изғирин об-ҳаво 26 январгача давом этиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Японияда шиддатли қиш шамоллари сабаб бортига ёғоч ортилган кема чўкиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси