“The New York Times”нинг янги сони муқоваси Ўзбекистондаги имтиҳонларга бағишланди
Жамият
−
03 Сентябрь 2020
10525Хабарингиз бор, кеча, 2 сентябрь куни Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиҳонларга старт берилди. Имтиҳонлар коронавирус пандемияси сабаб илк бор очиқ осмон остида ўтказиляпти.
Ўзбекистон ноодатий тарзда ўтказилаётган имтиҳонлар Америкада ҳам қизиқиш уйғотди. АҚШнинг нуфузли нашри “The New York Times” газетасининг янги сони биринчи саҳифаси Ўзбекистондаги имтиҳонларга бағишланди.
“Бутун Ўзбекистон бўйлаб ўн минглаб ёшлар коронавирус пандемияси сабаб очиқ ҳавода институтга кириш имтиҳонларини топшириш учун чоршанба куни спорт майдонларига йўл олди”, дейди нашр имтиҳонлар ҳақида фикр билдириб.
“The New York Times” мамлакатда 1,5 миллионга яқин абитуриент олий таълим муассасасига кириш учун ҳужжат топширганига ва улар тахминан 150 000 ўрин учун курашишини таъкидлаб ўтган.
“Икки ҳафта давом этадиган жараёнда 1,4 миллиондан ортиқ номзод югуриш йўлакчаси ёки майдонда 3 соат ўтириб, тест топширади. Улар марказлаштирилган қабул тизими бўйича университетлардаги тахминан 150 минг ўрин учун курашади”, дейилади нашр мақоласида.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 42688 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 93 фоизи ёки 40081 нафари соғайган ва 331 нафари вафот этган.