Ижтимоий тармоқда 4-5 та хато топилиб, чайналмоқда – Шерматов муҳаррир ва педагогларга чақирув билан чиқди

Жамият

image

Жорий йилнинг 30 мартидан Ўзбекистонда карантиндаги мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар ташкил этилди. Дарслар бошланганидан кўп ўтмай, ижтимоий тармоқларда дарслардаги хатоликлар муҳокама қилина бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов телевизион дарслардаги хатолар юзасидан тушунтириш берди ҳамда муҳаррир ва ўқитувчиларни ҳамкорликка чақирди.

“Адашмасам, МДҲ давлатлари ичида, айнан Ўзбекистон биринчилардан бўлиб барча синфлар бўйича 3 тилда инклюзив (сурдотаржима билан) онлайн дарсларни ишга туширди. 

Кунига ўртача 100 га яқин видеодарслар олинишини инобатга олишимиз зарур. Вақт қисқа экани, ҳамда карантинни инобатга олиб иштирокчилар қисқартирилгани сабабли, хатолар ўтиб кетиши хавфи юқори эди. 

Шу вақтгача эфирга кетган 400 дан ортиқ видеодарслардан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан 4-5 та хато топилиб, чайналмоқда.

Ҳозирги оғир шароитда 6 миллиондан ортиқ ўқувчиларимиз вақтларини мазмунли ўтказишларига ўз ҳиссасини қўшаётганлар фаолиятидан хато топиб, уларни устидан кулишга ҳаракатни давом эттиргандан кўра, умумий ташқи душманимиз – коронавирус (COVID-19) эпидемияси олдида барчамиз бирлашиб ўзаро ёрдам беришимиз энг яхши ечим бўлар эди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сизнинг дарсингизни бизнинг базадаги дарсдан яхшироқ деб эътироф этсалар, биз сизни телевидениега дарс ўтишга таклиф этамиз”, деган Шерматов ижтимоий тармоқдаги постида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 16 мартдан барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинганди. Орадан икки ҳафта ўтиб ўқувчилар учун телевизион дарслар бошланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар 241 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Шерматов карантин коронавирус

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг