Ижтимоий реестрдаги фуқаролар мажбуран реестрдан чиқариломоқда – Бандлик вазирлиги
Жамият
−
20:59 1722 2 дақиқа
Ижтимоий реестрдаги фуқароларни асоссиз ёки мажбуран реестрдан чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот котиби ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг билдиришича, реестрдан чиқариш ҳолатлари фуқароларнинг давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя ва кўмаклардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин.
“Ҳеч қандай топшириқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ёки фуқаронинг ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўла олмайди”, дейилади расмий муносабатда.
Қайд этилишича, мурожаатлар ўрганилиб, ҳолатлар тасдиқланган тақдирда, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Ҳудудлардаги раҳбарларга ҳам бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тегишли огоҳлантириш юборилади.
Ушбу хабар юзасидан Ижтимоий ҳимоя агентлиги ўз муносабатини билдирди.
Билдирилишича, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, оилалар даромадини ошириш ва уларни барқарор даромад манбаига эга қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, оилани Ижтимоий реестрдан чиқаришнинг ўзи камбағаллик қисқарганини англатмайди.
“Ижтимоий реестрнинг асосий мақсади – эҳтиёжманд аҳолини аниқлаш, уларни ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш ва зарур ёрдам ҳамда хизматларни кўрсатишдир. Эҳтиёжманд оилалар қанча кўп аниқланиб, зарур ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинса, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш имконияти шунча ортади. Бу эса камбағаллик даражасини аниқлаш бўйича кейинги ўлчовларда ижобий натижалар қайд этилишига хизмат қилиши мумкин”, дейилади муносабатда.
Билдирилишича, шу сабабли реестрдан чиқариш белгиланган режа ёки кўрсаткични бажариш мақсадида эмас, балки оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати амалда яхшилангани ва белгиланган мезонларга жавоб бергани асосида амалга оширилиши лозим. Маълум бир ҳудуддаги камбағаллик даражаси эса Жаҳон банки методологияси асосида белгиланган стандартлар бўйича ўтказиладиган сўровлар натижалари асосида аниқланади.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя инспекцияси томонидан реестрдан чиқарилган оилалар бўйича назорат ишлари олиб борилиб, қарорларнинг белгиланган мезон ва тартибларга мувофиқлиги ўрганилмоқда.
“Агентликнинг позицияси: асосий мақсад фуқарони реестрдан чиқариш эмас, балки оилани ҳақиқатан ҳам камбағалликдан чиқариш ва эҳтиёжманд фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлашдир”, дейилади муносабатда.
Шу тариқа, агентлик Бандлик вазирлигининг хабарини рад этмаган ва реестрдан чиқарилган оилалар бўйича назорат ишлари олиб борилиб, қарорларнинг белгиланган мезон ва тартибларга мувофиқлиги ўрганилаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳокимларга топшириқлар берганди.