Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим фуқароларга нафақа тайинланади
Жамият
−
06 Май 2021
5656Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш бўйича давлат хизматлари жорий йилнинг 1 августидан бошлаб кўрсатилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқаролар қуйидагилар ҳисобланади:
- ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар, ОИВ инфекциясига чалинган 18 ёшгача бўлган шахслар ҳамда 18 ёшдан катта болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;
- давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган шахслар;
- болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналар;
- ёшидан қатъи назар иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
- давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг қарамоғида бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли бўлмаган аъзолари.
Уларга давлат хизматлари Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан кўрсатилади. Нафақа пули нафақа етказиб бериш юкланган ташкилот томонидан тўланади.
Нафақалар тайинлаш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади. Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Қуйидагилар давлат хизматларини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади:
- мурожаат қилувчилар томонидан сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши;
- сўровномада кўрсатилган маълумотларни тасдиқлашнинг рад этилиши.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва жорий йилнинг 24 апрелидан кучга кирди.