Ижро органи парламентдан ҳайиқиб туриши керак – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
20 Январь 2020
4537Президент Шавкат Мирзиёев янги сайланган депутатларга ижро органи устидан ўз назоратларини ўрнатиши, улар депутатлардан ҳайиқиб туриши кераклиги ҳақида айтиб ўтди.
“Жойларда давлат бюджетидан берилган маблағларни нотўғри фойдаланиш, талон-торож қилиш, энг катта нарса – коррупция ҳолатлари ҳануз учраб турибди. Халқ вакиллари ўз ваколатларига асосланиб, таъсирчан назорат ўрнатса, уларни ҳам, Қонунчилик палатасини ҳам обрўси ошган бўларди.
Энг муҳими, эл-юрт учун фойда бўларди. Бюджетдан сарфланган ҳар бир сўм учун Молия вазирлиги халқ вакиллари олдида ҳисобот бериши барча идоралар давлат маблағини аниқ мақсадлар учун ишлатиши бўйича парламентдан ҳайиқиб туриши керак”, дейди Президент Мирзиёев.
Давлат раҳбари ушбу сўзга (ҳайиқиб туриши- таҳр.) изоҳ берди, ҳамда янги депутатларга ишониши ҳақида гапирди.
“Ҳайиқиб туриши деган жайдари сўзни ўзим ёздим. Ҳайиқиб деганда сал сизларга ҳурмат ошади-да. Қанча сизларнинг обрўларингиз баланд бўлса, қанча мустақил бўлсангиз, ижро органи қанча ҳайиқиб турса, менга жуда ёқади. Ана шундай ҳайиқиб турадиган парламент бўласизлар деб ишонаман”, дейди Шавкат Мирзиёев депутатларга қарата.