Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси сабаб Шенген тартиби қатъийлашди
Олам
−
14 Май 3068 2 дақиқа
Россияда фаолият юритаётган Италиянинг VMS ва AlmavivA виза марказлари воситачилар орқали ҳужжат қабул қилишни тўхтатди. Энди ариза берувчилар ҳужжат топширишга шахсан паспорт ва тасдиқланган онлайн-навбат билан боришлари шарт. Бу ҳақда кеча, 13 май куни Россия туроператорлари ассоциацияси (АТОР) хабар берди.
Қайд этилишича, Италия томони бир нечта турфирмалар учун аккредитация бўйича ҳужжат топшириш имкониятини сақлаб қолган, бироқ бунинг учун улардан тўлиқ турпакет (меҳмонхона, авиачипта ва суғурта билан бирга) сотиб олиш шарт қилиб белгиланган.
Қоидаларнинг қатъийлашрилиши россияликлар учун “ёзги мавсумда Италияга саёҳат қилишни сўроқ остида қолдиради”, дея қайд этган АТОР. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мустақил равишда ҳужжат топширувчи Москва ва Москва вилояти пропискасига эга шахслар виза марказига энг камида июнь охирида, ҳудудлардан келувчи сайёҳлар эса июль ойида кира олишлари мумкин. Ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатини инобатга олинса, виза олиш жараёни тўрт ойгача давом этиши мумкин. Бундан ташқари, эндиликда ҳужжатлар янада қаттиқроқ текширилиши кутилмоқда.
АТОР маълумотига кўра, жорий йилнинг 12 май куни талаб кескин ортган пайтда айрим воситачилар Италия виза марказларига ҳужжат топшириш хизмати нархини 100 минг рублгача кўтариб юборган. Бироқ ҳозирда бу таклифлар ўз долзарблигини йўқотган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Пьергабриэле Пападиа де Боттини ди Сант-Аньезе ҳибсга олингани маълум бўлганди. У Шенген визаларини ноқонуний расмийлаштириш схемасини ташкил этиш, ноқонуний иммиграцияга кўмаклашиш ва коррупцияда гумон қилинмоқда. Тергов талқинига кўра, 56 ёшли дипломат ва унинг ёрдамчиси Татьяна Тараканова 4 минг евродан 16 минг еврогача бўлган қўшимча тўлов эвазига ҳужжатлари талабга жавоб бермайдиган Россия фуқароларига узоқ муддатли Шенген визаларини расмийлаштириб берган. Шу йўл билан Италияга камида 95 нафар россиялик ноқонуний кириб борган бўлиши мумкин.
Live
Барчаси