Италияда Ғазо аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун намойишлар бўлиб ўтмоқда (видео)
Олам
−
23 Сентябрь 2025 2485 2 дақиқа
Италия аҳолиси Ғазо сектори аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун кўчада намойишлар ўтказиб, умуммиллий ишташлаш қилмоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Маълумотларга кўра, бу Италия касаба уюшмалари томонидан уюштирилган энг йирик норозилик намойиши бўлиб, Ғазо аҳолисига ва урушдан вайрон бўлган ҳудудларга ёрдам етказмоқчи бўлган “Global Sumud” халқаро гуманитар миссияни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Билдирилишича, ишташлаш ўтган ҳафтада эълон қилинган ва шу ҳафта бошида бошланган. Бу норозиликлар ҳам хусусий, ҳам давлат секторига, шу жумладан, денгиз транспорти, логистика ва таълим соҳаларига таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, темирйўл тармоғида ҳам ишчилар сони сезиларли даражада камайган.
Италия оммавий ахборот воситаларига кўра, асосий норозиликлар Италиянинг пойтахти Римда бўлиб ўтган ва 100 мингдан ортиқ киши, жумладан, талабалар, касаба уюшмалари фаоллари ва Фаластин тарафдорлари кўчаларда намойиш ўтказган. Шунингдек, Милан ва Венецияда намойишчилар полиция билан тўқнашган.
“Иштирокчилар Италия ҳукуматидан Исроил билан дипломатик алоқаларни узишни, санкциялар қўллашни ва Ғазодаги ҳарбий операцияга қарши қатъий позицияни эгаллашни талаб қилди”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир гуруҳ фаоллар БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Нью-Йоркдаги расмий қароргоҳи олдида Ғазо секторидаги очарчиликни тўхтатишга чақириб, норозилик намойиши ўтказганди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси