Италия шаҳарларини сув босди. Мактаблар ва бозорлар ёпилди (видео)
Олам
−
15 Март
5653Ёмғир ва момақалдироқ бўронлари Италиядаги бир қанча шаҳарларни сув босишига сабаб бўлди. Оқибатда ҳаво қатнови издан чиқди, ҳукумат эса мактаблар, бозорлар ва бошқа жамоат жойларини ёпишга мажбур бўлди. Бу ҳақда “Ansa” хабар берди.
Қайд этилишича, Тоскана ва Эмилия-Романья минтақаларида қизил даражадаги огоҳлантириш эълон қилинган. Ҳукумат Флоренсия орқали оқиб ўтувчи Арно дарёсидаги сув сатҳини синчковлик билан кузатмоқда.
“Италияликлар ҳанузгача 60 йил олдин Флоренсияда содир бўлган ҳалокатли сув тошқинини йодга олишади. Ўшанда табиий офат 100 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлиб, тарихий бинолар ва черковларга улкан зарар етказган эди”, дейилади хабарда.
Глобал исиш туфайли кучли бўронлар, тошқинлар, қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари тобора ортиб бормоқда. Расмийлар аҳолини максимал даражада эҳтиёт бўлишга чақирмоқда, чунки дарёлардаги сув сатҳи ҳануз ошиб бормоқда. Пиза ва Флоренсия аэропортлари бўрон сабаб рейсларнинг кечикиши ёки бекор қилиниши мумкинлиги ҳақида йўловчиларни огоҳлантирган.
Италия ҳарбий-ҳаво кучлари метеорология хизмати Апулия ва Сицилия учун тўқ сариқ даражадаги хавф эълон қилган. У ерда кучли ёмғир, бўрон, момақалдироқ, қирғоқбўйи сув тошқинлари ҳамда тоғларда қор ёғиши кутилмоқда.
Кеча, 14 март куни Палермода ҳаво ҳарорати +28 даражага етган бўлса, Фриули-Венеция-Жулия минтақасида қор ва музлаш хавфи сабаб огоҳлантириш берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентинанинг Буэнос-Айрес вилоятига қарашли Баҳия-Бланка шаҳрида сув тошқини содир бўлган эди. Табиий офат оқибатида ўн киши ҳалок бўлган, 1,3 мингдан ортиқ одам эса эвакуация қилинган. Ҳодиса туфайли шаҳарда алоқа ва электр таъминотида узилишлар юзага келган. Фавқулодда ҳолат сабабли шаҳар аэропорти ёпилган, шунингдек, шаҳарга олиб борувчи баъзи йўллар жиддий зарар кўрган.
LiveБарчаси
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси қайта тайинланди.
15:49
Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашга оид қарор лойиҳаси эълон қилинди.
14:35