Италия БМТнинг Яқин Шарқ агентлигини қайта молиялаштира бошлади
Олам
−
25 Май
3969Италия ҳукумати БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA)ни молиялаштиришни янгиламоқда. Ҳукумат давом этаётган гуманитар инқирозга жавобан Фаластин аҳолиси учун жами 35 миллион евролик янги маблағ ажратди. Бу ҳақда Италия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Антонио Таяни бугун, 25 май куни Римда Фаластин миллий маъмурияти Бош вазири Муҳаммад Мустафо билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
Ушбу маблағнинг 5 миллион евроси UNRWA'га юборилади, қолган маблағни Италия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ва Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси (IFRC) билан ҳамкорликда яратилган "Food for Gaza" ташаббуси олади.
"Терроризмни қўллаб-қувватлаш учун бир сент ҳам кетмаслиги учун қатъий назорат керак", деб таъкидлади Таяни.
Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойида Италия, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари, шунингдек, АҚШ, Канада, Австралия ва Япония ташкилот ходимларининг ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумига алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар ортидан UNRWA'ни молиялаштиришни тўхтатишларини эълон қилган эди.
Январь ойида Исроил расмийлари БМТ раҳбариятига 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумида UNRWA'нинг 12 нафар ходими иштирок этгани ҳақида маълумот берган. Буни кейинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам тасдиқлади. Агентлик ҳужумга алоқадор ходимларнинг шартномаларини бекор қилди ва тергов ўтказишга ваъда берди.
Кейинчалик, Франциянинг собиқ ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна бошчилигидаги БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги фаолиятини текширган комиссия унинг фаолиятининг “мустақиллиги билан боғлиқ бир қатор муаммоларни” аниқлаганини маълум қилди. У, шунингдек, UNRWA бетарафлик тамойилига риоя этилишини таъминлаш учун бир қатор механизмлар яратганини маълум қилди.
UNRWA учун йирик донорлардан ёрдам олиб қўйилгани муносабати билан унинг раҳбари Филипп Лаззарини Швейцариянинг RTS телеканалига агентлик қулаш арафасида эканлигини ва уни тарқатиб юбориш хавфи борлигини айтди.
Март ойи бошида Канада ва Швеция UNRWA'га тўловларни қайта тиклади ва бу қадамни Ғазо секторидаги оғир гуманитар вазият билан изоҳлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь