Италия АҚШ ва Европа етакчиларини саммитга чақирмоқда
Олам
−
01 Март 3915 1 дақиқа
Италия Бош вазири Жоржия Мелони АҚШ, Европа давлатлари ва иттифоқчилари ўртасида фавқулодда йиғилиш ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош вазир Жоржия Мелони кеча, 28 февраль куни Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги келишмовчиликдан сўнг ушбу баёнотни берган.
Унинг сўзларига кўра, саммитдан кўзланган мақсад “Украинадан бошлаб, замонамизнинг жиддий муаммоларини қандай енгиш”ни муҳокама қилишдан иборатдир.
“Биз шу йиллар давомида биргаликда ҳимоя қилган Украинадан бошлаб бугунги асосий муаммоларни қандай ҳал қилиш ниятимиз ва келажакда дуч келадиган муаммолар ҳақида очиқ суҳбат қуришимиз учун АҚШ, Европа давлатлари ва иттифоқчилар ўртасида зудлик билан саммит зарур”, деди Бош вазир.
Сиёсатчининг айтишича, Италия яқин орада бу таклифни ҳамкорларига йўллайди.
“Ғарбдаги ҳар бир бўлиниш барчамизни заифлаштиради ва бизнинг цивилизациямизнинг таназзулга учрашини хоҳлайдиганларга фойда келтиради”, дея қўшимча қилган Мелони.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Оқ уйда америкалик мавқедоши Дональд Трамп билан мунозарадан сўнг, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва НАТО Бош котиби Марк Рютте билан қўнғироқлашганди. Ушбу мулоқотнинг қандай кечгани очиқланмаган.
Live
Барчаси