Истанбулдаги теракт қандай содир этилгани видеоси эълон қилинди

Олам

Туркия полицияси Истанбулнинг Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасидаги портлашни  содир этган шахснинг ҳаракат йўналиши ва ҳужумни қандай амалга оширгани акс этган кадрларни эълон қилди. 

Кузатув камераларидаги маълумотларда 13 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:17 да ҳужумни уюштирган Сурия фуқароси Алҳам Албашир қандай қилиб Тақсим майдонидан Истиқлол кўчасига кириб келганини кўриш мумкин. 

Террорчи бир муддат қўлида сумка ва пакет билан майдон бўйлаб юради. 

Шу билан бирга, Албашир кимлигини яшириш учун юзини шарф билан ёпиб олган. 

Соат 15:29 да террорчи кафелардан бирининг олдида яқинлашади. 

Соат 15:30 да у портлаш содир бўлган жойдан унча узоқ бўлмаган дўкон олдидаги ўриндиққа ўтиради. Унинг рюкзаки ва пакети ҳали ҳам ёнида. 

Албашир тахминан 41 дақиқани шу ерда ўтказади. 

Соат 16:11 да террорчи рюкзакни ўриндиққа ташлаб, шошиб Тақсим майдони томон ҳаракатланади. 

16:14 да кучли портлаш содир бўлади. Шу пайт Албашир югура бошлайди. 

Тахминан соат 16:17 ларда террорчи яна худди шу йўл бўйлаб Таксим майдонига боради.

Охирги кадрларда унинг меҳмонхоналардан бирининг ёнидан қандай ўтиши тасвирланади. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жароҳатланганларнинг 50 нафарига шу куннинг ўзида шифокорлар уйга кетишга рухсат берган. 31 киши шифохонага жойлаштирилган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир, 2 нафари ўтар оғир аҳволда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воқеада террор изи борлигини айтди. 

Теракт содир этилганидан 10 соат ўтиб, терактнинг ижрочиси – араб миллатига мансуб аёл Аҳлам Албашир Истанбул полицияси томонидан қўлга олинди. Тергов давомида у АҚШдан келган инструкторлар раҳбарлигида террорчилик машғулотларидан ўтганини тан олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1421

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг