Истанбулдаги зилзилада 151 киши баландликдан сакраган. Улар орасида ўзбекистонликлар борми?
Олам
−
23 Апрель 2025 11070 2 дақиқа
Аввалроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳрида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу зилзила пайтида 151 киши қўрқув сабаб баландликдан сакраган ҳолда тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу зилзила Истанбулнинг барча туманларида ҳамда қўшни вилоятларда, жумладан Измирда ҳам сезилган. Кўплаб аҳоли бинолардан чиқиб, очиқ жойларда тўпланган. Маҳаллий ҳокимиятлар маълумотига кўра, жиддий вайронагарчилик ёки ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Бир фуқаро бинодан чиқиб кетиш пайтида жароҳат олган.
Асосий силкинишдан сўнг бир неча афтершоклар кузатилган, улардан энг кучлиси 5,3 магнитудада бўлган. Ҳокимиятлар аҳолини зарар кўрган биноларга кирмасликка ва хавфсизлик чораларига амал қилишга чақирмоқда.
Истанбул губернаторлиги маълумотига кўра, зилзила оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.
Шунингдек, Фатих туманида ташландиқ бино қулаб тушган, аммо ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.
Билдирилишича, Бош консулхона маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этмоқда.
“Ҳозирги вақтгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, бошқа маълумот келиб тушган тақдирда, Бош консулхона маълумот тақдим этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси барча Туркияда яшаётган фуқароларни огоҳлантирган эди.
Live
Барчаси